Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев (6 та ғалаба, 5 та нокаут) мазкур вазн тоифасида WBA чемпионлик камари учун жанг бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Манбага кўра, ушбу йўналишда чемпион Даниэл Романнинг (27 та ғалаба, 2 та мағлубият, 1 та дуранг, 10 та нокаут) промоутерлари Муроджон Аҳмадалиевга қарши жанг ташкил этишга розилик берган. Жанг 14 сентябрь куни Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Тез орада бу борада расмий маълумот берилади.
Аввалроқ Романнинг промоутерлари WBA чемпионлик камарини вакант қолдириш ва IBF камари ҳимояси учун япониялик Рёсуки Ивасага (26 та ғалаба, 3 та мағлубият, 16 та нокаут) қарши рингга кўтарилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Муроджон сўнгги жангида мексикалик Карлос Карлсонга (23 та ғалаба, 6 та мағлубият, 14 та нокаут) қарши рингга кўтарилиб, рақибини 3-раунддаёқ нокаутга учратганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)