20—21 июль кунлари Қарағандада бўлиб ўтган Қозоғистон Республикасининг триатлон бўйича V ёзги Спартакиадаси доирасидаги «Темир Одам» кубогининг VII босқичида ўзбекистонлик Андрей Шарипов энг яхши натижа қайд этди. Бу ҳақда Триатлон федерацияси матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Мазкур мусобақада Нур-Султон, Чимкент, Москва, Тошкент ва Қарағанда вилоятларидан ташриф буюрган 38 нафар индивидуал спортчи ва 2 та эстафета жамоаси 750 метрга сузиш, 20 кмга мўлжалланган велопойга ва 5 кмга югуриш мусобақаларида беллашди.
Эркаклар ўртасида ўзбекистонлик спортчи Андрей Шарипов мусобақадаги энг яхши натижани — 1 соат 2 дақиқа 30 сонияни қайд этиб, биринчи ўринни эгаллади. Аёллар ўртасидаги баҳсларда эса «Темир Одам» кубогининг 2018 йилги ғолиби Асел Садвокасова (Нур-Султон) 1 соат 23 дақиқа 7 сония натижа билан шоҳсупанинг юқори ўрнидан жой олди. Қайд этиш жоиз, Андрей Шарипов ва Асел Садвокасова кетма-кет икки йил «Темир Одам» кубогининг Қарағанда босқичида ғалаба қозонди.
Жамоавий беллашувларда эса 1 соат 11 дақиқа 6 сония натижа билан Қарағанда вилоятининг Дриве Теам жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Маълумот учун, бу Андрей Шариповнинг ушбу мусобақадаги навбатдаги ғалабаси ҳисобланади. Аввалроқ у 12—26 май кунлари Тараз ва Шимкент шаҳарларида бўлиб ўтган «Темир Одам» кубогининг иккинчи ва учинчи босқичларида ҳам биринчи ўринни эгаллаганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)