Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Дарё» ўтаётган ҳафтада содир бўлган энг муҳим ва муҳокамали воқеаларни шарҳлаб ўтади.

ДХХ раиси Абдусалом Азизов Ўзбекистон футбол ассоциациясига президент этиб сайланди. Унгача ЎФАга Очилбой Раматов етакчилик қилиб келаётган эди. Абдусалом Азизов 2008—2009 йилларда Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти бўлган. Бундан ташқари, Ўзбекистон ички ишлар вазири, Мудофаа вазири лавозимларида фаолият юритган. Машҳур ҳакам Равшан Эрматов ЎФАнинг биринчи вице-президенти саналади.

Фото: ЎФА расмий сайти

Фото: ЎФА расмий сайти

Янги президент ЎФА конференциясида сўзга чиқиб, «Тотализатор, келишилган ўйинлар каби тушунчаларни йўқотиш бизнинг биринчи даражали вазифамиз бўлиши керак», деди.

* * *

Бу ҳафта юртимизда абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш ишлари тугади. Республика бўйича жами 60 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 30 та филиалига кириш учун 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилди. Шундан кундузги таълим шаклига 718 097 нафар, кечки таълим шаклига 13 821 нафар, сиртқи таълим шаклига 335 007 нафар абитуриент рўйхатдан ўтди.

2018 йилда 814 минг 952 нафар абитуриентдан ҳужжат қабул қилинган эди, бу йил кўрсаткич 31 фоизга кўпроқ бўлди.

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Энг кўп ҳужжат Самарқанд, Андижон ва Қарши давлат университетларида қабул қилинган. Айтиш керакки, айрим ОТМларда бир ўринга 29 нафаргача даъвогар бор.

* * *

Ўтаётган ҳафта нодир бир воқеаси билан тарихга ёзилди. Юқори рутбали мансабдор ва Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаров йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун жарима тўлади. Яқин чорак асрлик тарихимизда президент оиласига мансуб инсон қоида бузгани учун дарҳол жавобгарликка тортилгани кузатилмаган.

Аввалроқ Отабек Умаров Instagram-саҳифасида Тошкент кўчаларида тунда Tesla электромобилини соатига 201 километр тезликда ҳайдагани акс этган видеони жойлаганди. Кўп ўтмай ўчирилган видеони «Озодлик» радиоси юклаб олишга улгурган ва кўплаб нашрлар томонидан қайта босилиб, машина ҳайдовчиси танқид остида қолганди. 1,8 миллион сўмлик жарима Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси 3-қисмига асосан тайинланган. Отабек Умаров Instagram-саҳифасида квитансияни жойлаб, муаммони кўтарган журналист ва блогерларга миннатдорлик изҳор қилди ҳамда «қонун барча учун баробар», деди.

Фото: Instagram / Отабек Умаров

Фото: Instagram / Отабек Умаров

Бу воқеадан кўп ўтмай, Отабек Умаров машина ойнасини қорайтириш мавзусида фикр билдириб, юртимиз иқлими иссиқлигини тилга олди ҳамда «Автоулов ‘тонировка’си хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда бизга тўсиқ бўлолмайди», деди.

* * *

Гўшт тобора қимматлашиб бораётгани учун фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида гўшт импорти 2019 йилнинг октябригача қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. 2019 йил 1 октябргача бўлган муддатда импорт қилинган гўшт (мол, қўй, товуқ), шунингдек, тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ҳамда уларнинг сўйилган маҳсулотлари ҚҚСдан озоддир.

Ветеринария давлат қўмитаси эса гўшт нархи ошишини қассоблар монополиясидан кўрди.

* * *

Гулнора Каримова мавзуси яна омманинг диққат марказига кўчди. Хабарларга кўра, Суд-тиббий экспертизаси томонидан Гулнора Каримовада сурункали касалликлар борлиги аниқланган. Кўп ўтмай эса унинг колониядан тез ёрдам машинасида олиб кетилгани хабар қилинди. Бу вақтда унинг швейсариялик адвокати колония олдида олти соатдан бери кутиб турган, аммо кўриша олмаган.

* * *

Қаҳрамонлик кўрсатиш учун дунёнинг қизғин нуқталарида жангга кириш шарт эмас. Баъзида инсон ўз бурчини маҳорат билан адо этишиёқ катта жасоратга айланади. Тошкентлик шифокор Сергей Владимирович Тобиас тўсатдан юраги тўхтаб қолган икки яшар боланинг умрини сақлаб қолиб, кун қаҳрамонига айланди.

Фото: Telegram / Davletovuz

Фото: Telegram / Davletovuz

18 июль куни кўчада тутқаноқ тутган болани ота-онаси дуч келган клиникага олиб кирган. Бу Lor Plus Servis клиникаси бўлиб, ЛОР шифокори Сергей Владимирович дарҳол ёрдамга ошиққан ва махсус анжомларсиз узоқ вақт боланинг юрагини массаж қилиш орқали унинг ҳаётини сақлаб қолган.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари «Орамиздаги қаҳрамонлар» лойиҳаси доирасида Сергей Владимировичга миннатдорлик хатини тақдим этди.

* * *

2022 йилги Жаҳон чемпионати ва 2023 йилги Осиё кубогининг саралаш мусобақаси 2-босқичига қуръа ташланди. Қуръада Ўзбекистон миллий жамоаси Саудия Арабистони, Фаластин, Яман ва Сингапур термалари билан бирга D гуруҳидан жой олди. 2-босқич ўйинлари шу йил 5 сентябрдан бошланиб, 2020 йил июнигача давом этади. Терма жамоа мураббийси Эктор Купер Жаҳон чемпионати саралаши 2-босқичи қуръаси натижалари ҳақида «...рақибларнинг барчаси ўзига яраша кучли жиҳатларга эга. Ҳеч бир рақибга беписандлик билан қараб бўлмайди», деди.

Ўзбекистон миллий жамоаси Жаҳон чемпионати йўлида олтинчи марта уриниб кўрмоқда. Аввалги уринишлар барчаси омадсиз тугаган.

«Дарё» янгиликларини кузатиб боринг. Ўзбекистон ва дунё хабарларидан энг биринчи хабардор бўлинг.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Спорт
Tata Steel Чесс 2023. Нодирбек Абдусатторов америкалик рақиби билан дуранг ўйнади ва ҳамон мусобақа пешқадами бўлиб турибди. Жавоҳир Синдоровда ҳам дуранг
Маҳаллий
Сурхондарёдан топилган айиқ боласи зоопаркка топширилди
Маҳаллий
Ўзбек тили дарслигида мусиқа асбоблари номи хато ёзилгани айтилди (видео)