Кларенс Зеедорф Камерун терма жамоаси бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилди. Бу ҳақда жамоанинг расмий сайтида хабар берилди.
Бунга Камеруннинг Африка Миллатлар Кубоигдаги қониқарсиз иштироки асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Камерун мусобақанинг 1/8 финалида Нигерия термасига 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганди.
Маълумот учун, 43 ёшли Зеедорф 2018 йилдан буён терма жамоани бошқариб келаётганди. Аввалроқ у «Милан», «Шэньчжэнь» ва «Депортиво» клубларида ҳам ишлаган.
Қайд этиш жоиз, Зеедорф футболчилик фаолиятида «Аякс», «Сампдория», «Реал», «Интер», «Милан» ва «Ботафого» клублари сафида тўп сурди. У 2 бор Италия чемпиони, 2 марта Нидерландия ҳамда 1 маротаба Испания чемпионига айланди. Бундан ташқари Зеедорф 4 марта Европа Чемпионлар Лигаси ва 2 маротаба УЕФА Суперкубоги ғолиби саналади.
Шунингдек, у Нидерландия терма жамоаси сафида умумий ҳисобда 87 та учрашувда майдонга тушиб, 11 та голга муаллифлик қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)