Nestlé Uzbekistan сув ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бизнесини Франциянинг Lactalis компаниясига сотиш бўйича битим имзолади. Бу ҳақда компания томонидан 16 июль куни тарқатилган пресс-релизда маълум қилинган.
Битим шартларига кўра, Nestlé’нинг Ўзбекистондаги сув ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича бизнеси, хусусан, Намангандаги иккита фабрика Lactalis мулкига айланади. Битим якунига етганидан сўнг, компания Lactalis билан Ўзбекистонда Nestlé’нинг глобал брендлари — Nesquik, Nido ичимликлари ва Nestlé Pure Life сувини ишлаб чиқариш бўйича лицензия келишувини имзолайди.
«Lactalis сут маҳсулотларининг жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири. Ўзбекистондаги келишув натижасида биз Nestlé бренди остида сут ва сув туркумларида маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кучли ҳамкорга эга бўлмоқдамиз», — дея таъкидлади Nestlé’нинг Россия ва Евроосиё минтақасидаги раҳбари Марсиал Роллан.
Nestlé Ўзбекистон бозорига кенг туркумдаги маҳсулотлари, хусусан, қандолат маҳсулотлари, қаҳва ва болалар егуликларини етказиб беришда давом этади.
Қайд этиш жоиз, Nestlé Uzbekistan 2017 йил ноябрида Тошкентдаги ичимлик суви ишлаб чиқариш бўйича заводини ҳам сотган эди.
Изоҳ (0)