Тележурналист Собир Мирзаев «Ўзбекистон 24» ва «Ўзбекистон» телеканаллари эфиридан олиб ташланган кўрсатуви ва у ерда кўтарилган муаммо юзасидан интернет нашрларга мурожаат қилган.
Журналистнинг маълум қилишича, жорий йил 15 июнь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида «Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилишга доир қонунчилик ижроси» мавзусидаги республика минтақавий ўқув семинари ўтказилган. Анжуманда юздан зиёд мутахассис иштирок этган ва уларга соҳага янгиликларни жорий этиш, чорва моллари профилактикасини янада яхшилаш бўйича кўплаб, таклиф ва тавсиялар берилган.
«Мен шу тадбирдаги бир бефаросатларча уюштирилган томоша ҳақида гапирмоқчиман. Биласиз, пода сифатини яхшилаш ва уларнинг маҳсулдорлик кўрсаткичини оширишда сунъий уруғлантиришнинг аҳамияти беқиёс. Наслчилик хўжаликлари ва зооветеринария ва сунъий уруғлантириш шохобчалари фермер хўжаликлари ва аҳоли чорва моллари сифатини яхшилашга, наслли моллар подасини яратишга хизмат қилади. Бу шохобчаларга эса зотдор моллар уруғини ‘Ўзнаслчилик’ корхонаси етказиб беради. Семинар иштирокчилари мазкур корхонада ҳам бўлиб, бу ердаги шароитлар, чорва моллари, лабораторияда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Аслида буқалардан уруғ олиш дезинфекция қилинган ва стерилланган манежда, қатъий санитария-зооветеринария талаблари асосида махсус ясалган муляжда амалга оширилиши зарур. Аммо бу тадбир кўзбўямачилик асосида ўтказилди. Биринчидан, уруғ олишда буқани буқага қўйишди. Ахир бу шармандалик-ку!
Иккинчидан, корхонада ҳар бири 50-60 миллион сўм турадиган 120 та зотли буқа бор. Юқоридаги ҳолатда буқалар соғлигига зарар етказиб, уни ишдан чиқариши мумкинлигини наҳотки мутахассислар билишмаса?!
Учинчидан, антиветеринария шароитида олинган уруғда сифат бўладими?!
Бизни ажаблантиргани, республика бўйича ўқийман, ўрганаман деб келган, юздан ортиқ мутахассис, соҳа билимдонларининг бирортаси бунга муносабат билдирмади. Афсус!
Саволларим кўп: Ветеринария қўмитаси, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ташкил этишдан мақсад ишни янгича услубда олиб бориш эмасмиди?! Тутум ҳали ҳам эскича бўлса, бу ташкилотлар нимага керак ўзи?!
Мен ҳудди шу фикрларимни уларга ҳам айтдим. Кейин эса ана шу мулоҳазаларни қўшган ҳолда ‘Ўзбекистон-24’ ва ‘Ўзбекистон’ телеканалларига таҳлилий кўрсатув тайёрладим. Аммо кимнингдир аралашуви билан эфирдан олиб ташланди.
Афсус қиладиган жойи, шу билан аҳвол яхшиланиб қоладими? Жойлардаги сунъий қочириш пунктларининг 80 фоизи номига ишлаётгани бор гап-ку! Ҳисоботларда кўрсатилганидек, йилига 4-5 миллион доза уруғ ишлаб чиқарилаётган бўлса, нега аҳоли қўлидаги чорва моллари сифати ўзгармаяпти? Қачон биз бу каби кўзбўямачилик иллатларидан қутуламиз?
Балки мазкур кўрсатувни ўзбошимчалик қилиб, интернет тармоғига жойлаштирганим учун менга босим ҳам ўтказишар. Лекин кимдир ҳақ гапни айтиши керак-ку!», дейди тележурналист Собиржон Мирзаев.