Олмаотада Қозоғистонда йиғилган Ravon Nexia R3 тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўтказилган матбуот анжуманида қайд этилишича, 2019 йилда Қозоғистонда 16 мингта Ravon R3 автомобилларини чиқариш режалаштирилган. Шуларнинг 6 мингтаси ички бозор, 10 мингтаси — экспорт учун, хусусан Россия учун мўлжалланган.
Аллур Ауто компаниялар гуруҳи президенти Оксана Холстина таъкидлашича, ушбу гуруҳга тегишли «СариаркаАвтоПром» заводи — Қозоғистон автомобилсозлигининг етакчисидир.
«Биз ўз маҳсулотимиз, шу жумладан, Ravon’нинг сифатига кафолат берамиз. Умид қиламанки, истеъмолчилар мамнун бўлади. Биз бу воқеани узоқ кутгандик ва фақат шу модель билан кифояланиб қолмоқчи эмасмиз. Келажакда Қозоғистонда йиғилган бошқа моделлар ҳам тақдим этилади», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон томони Қозоғистонда йиғиш учун Nexia R3 комплектларини мунтазам етказиб беришни шу йил мартидан бошлаган эди. Ўшанда «СариаркаАвтоПром» билан ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича шартнома имзоланган эди.
Изоҳ (0)