Профессионал бокснинг иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифаси вакили Шаҳобиддин Зоиров (2 та ғалаба, 2 та нокаут) 12 июль куни ўзининг навбатдаги жангини ўтказади. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Манбага кўра, шу куни Зоиров Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги «Қирол Абдулла Спорт Сити» стадионида ҳиндистонлик енгилмас боксчи Амандип Сингхга (4 та ғалаба, 1 та нокаут) қарши рингга кўтарилади. Жанг 6 раунддан иборат бўлиши режалаштирилган.
Мазкур бокс оқшомида бир қатор юлдуз боксчилар Ҳюги Фьюри (22 та ғалаба, 2 та мағлубият, 12 та нокаут), Принс Пател (19 та ғалаба, 1 та дуранг, 14 та нокаут), Дейв Пенасола (15 та ғалаба, 11 та нокаут) каби боксчилар рингга кўтарилади. Кечанинг асосий жангида эса собиқ жаҳон чемпиони, британиялик Амир Хон (33 та ғалаба, 5 та мағлубият, 20 та нокаут) австралиялик собиқ жаҳон чемпиони Билли Дибга (45 та ғалаба, 5 та мағлубият, 26 та нокаут) қарши ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасининг WBC International камари учун рингга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳобиддин Зоиров сўнгги бор 18 май куни Данияда грузиялик Мишико Шубитидзени (12 та ғалаба, 15 та мағлубият, 3 та дуранг, 5 та нокаут) биринчи раунддаёқ нокаутга учратиб ғалаба қозонганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)