«Каттақўрғон» дала-ўқув майдонида ўтказилаётган инспекторлик текшируви жараёнларида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги бошқарув аппарати шахсий таркиби назорат синов машқларини топширди, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.
Дастлаб ҳарбий хизматчилар нишонларга ўқ отиш тайёргарлигида пистолетдан аниқ мўлжалга олиш машқларини амалда бажарди. Шундан сўнг улар оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланиш бўйича тегишли меъёрларни бажарди.
Ҳарбий хизматчилар жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик ҳамда ўз мутахассисликларига оид тест синовларини топширди. Шунингдек, бошқарув аппаратининг юқори қўмондонликдан берилган жанговар вазифага асосан ишлаб чиққан тактик ҳаракатлари баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, 25 июнь эрта тонг соат 2:00 да Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги бошқарув аппарати ҳамда унга қарашли Самарқанд ва Жиззах гарнизонларидаги ҳарбий қисмларга тўсатдан тревога сигнали берилган эди.
Изоҳ (0)