Иккинчи жаҳон уруши тугагандан кейин Хитой бирмунча вақт қандай тузумда кетиши аниқ бўлмаган ҳолда яшади. Мамлакат ғарбида уйғурлар ўз давлатини эълон қилган, Тибет мустақил бошқарувга эга, мамлакат шимолида Мўғулистон билан чегаралар аниқ эмас. Мамлакат шимолий-шарқий томони совет қўшинлари назоратида, Хитой денгизига туташ шарқий соҳилларда эса АҚШ, Буюк Британия қўшинлари бор. Ана шундай вазиятда Хитой қандай йўл тутиб, ядровий қуролга эга бўлгани ҳақида «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ҳикоя қилади.
Ҳамма ўзига иттифоқдош қидиради, ҳамма ўзининг тузумини тиқиштиради. Ана шундай ҳолатда Хитойда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Москва қўлловига ҳамда совет армиясига таянган Мао Цзедун ҳокимият учун курашда ғалаба қозонди ва мамлакатнинг социалистик ривожланиш йўлидан кетишини эълон қилди. Бунга миннатдорлик сифатида эса СССР собиқ Хитой Республикасининг БМТдаги ўрнини қайтадан Мао Цзедун бошчилигидаги Хитой Халқ Республикасига олиб берди. Чунки Хитой Республикаси йиқитилиб, ўрнига Мао Цзедун ҳокимият тепасига келганда АҚШ, Буюк Британия ва Франция Хитойни БМТ доимий аъзолигидан ўчиришни кун тартибига олиб чиққан эди. Уларни бу ишдан СССР қайтариб қолди ва шу тариқа Хитой БМТдаги ўрнини сақлаб қолди.
Шу тариқа, Иккинчи жаҳон урушидан аввал Япония томонидан босиб олиниб, назорат қилинган ва унинг кичик армияси қўлида ўйинчоқ бўлган Хитой ниҳоят СССР ёрдамида Ер шари тақдирини ҳал қилишга масъул беш давлатдан бири сифатида БМТ доимий аъзолик сифатидаги ўз ўрнини сақлаб қолди.
Хитой социалистик тузумда яшар экан, унга ўз саноатини, қишлоқ хўжалигини тиклашда, ривожлантиришда СССРнинг ёрдами катта бўлди. Айниқса Сталин вафотигача Хитой собиқ Иттифоқдан мисли кўрилмаган ёрдам олди. Ўртада Хрушчёв пайтида бироз совуқчилик тушди. Аммо Брежнев ҳокимият тепасига келганидан сўнг ўзаро алоқалар яна ривожланди. 1995 йилгача Хитой техникаси, автомобиллар, поездлар, самолётлар, ҳарбий техника, кемалар СССРдаги техника билан жуда ўхшаш эди. Чунки аксарият техника ишлаб чиқариладиган заводларни СССР қуриб берган ва ўзида ишлаб чиқарилаётган моделлар нусхасини берган эди.
Бу орада СССРнинг Хитойга яна бир хизмати, унга ядро қуролини бермаган бўлса ҳам, ядро қуроли яратишда кўрсатган ёрдами, хизматидир. СССР ёрдамида Хитой ўз ядро-физика ва атом энергетикасини ривожлантириб, ядро қуролига эга бўлган.
Қуйида Хитой қандай қилиб ядро қуролига эга бўлгани ҳақида сўз боради.
1955 йил 15 январь куни Хитой раҳбарияти АҚШнинг ядро қуролини ишлатиш билан қилган пўписасига жавобан ўзининг ядро қуролини яратиш дастури ҳақидаги тарихий қарорни қабул қилди.
Аслида Хитой ҳарбий-сиёсий раҳбарияти мамлакатда ҳам тинчлик мақсадларида ядродан фойдаланиш, ҳам ядро қуролини яратиш дастурини Хитой Халқ Республикаси тузилган илк йиллардаёқ қабул қилган эди.
Ўшанда Хитой ҳукумати хорижда ўз илмий ишлари билан машғул бўлган юзлаб хитойлик олимларни мамлакат ривожи учун қайтарган ва шу соҳа мутахассисларини ядро қуроли яратишга жалб қилганди.
Улардан бири узоқ йиллар Париж университетида Фредерик Жулио-Кюри раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борган пекинлик аспирант Сян Сенчжян эди. Францияда ўз диссертацияни ёқлаган Сенчжян 1948 йилда Хитойга қайтиб келди.
1950 йилда у Хитой Фанлар академияси қошидаги Замонавий физика институтига директор этиб тайинланди.
Хитойнинг 1951 йилда қабул қилинган биринчи ядро дастури ядродан тинч мақсадларда фойдаланишни кўзда тутарди. Аммо ўшанда хитойлик олимлар яширинча ядро қуроли ва уни ташувчи ракета яратиш устида ҳам иш олиб борган эди. Бу учун етарлича илмий асос ва моддий-техник базанинг етарли бўлмагани, мутахассислар етишмагани ишларнинг олға силжишига тўсқинлик қилган.
1954 йилда Хитой коммунистик партияси раиси Мао Цзедун Совет Иттифоқи коммунистик партияси биринчи котиби Никита Хрушчёвга атом бомба яратиш сирларини Хитойга беришни илтимос қилиб мурожаат қилди. Хрушчёв бу илтимосни рад этди ва Мао Цзедунга ядро қуролини яратиш учун Хитойга илмий-саноат базаси кераклигини ва бу учун жуда катта маблағ сарфланиши лозимлигини, Хитой ҳозирги ҳолатида у ишларни қила олмаслигини тушунтириб, фақат атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш учун ёрдам бериши мумкинлигини билдирди. Бироз ўтиб СССР Хитойга ёрдам масаласида фикрини ўзгартирди ва Хитойга ёрдам берди.
Бу пайтда Хитойнинг ҳарбий-сиёсий раҳбарияти қандай бўлмасин, Хитой ядро қуролига эга бўлиши лозим деган бир қарорга келиб бўлган эди.
1955 йил 15 январда Мао Цзедун Хитой компартиясининг кенгайтирилган мажлисида Хитой хавфсизлиги учун албатта ядро қуролига эга бўлиши лозимлиги, бу учун СССР билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида гапирди ва тегишли мутасаддиларга ядро қуроли яратиш учун лозим бўладиган асосларни, ёпиқ полигон учун жой ҳозирлашни, илмий лаборотияни кенгайтиришни буюрди.
Мао Цзедуннинг бу топшириқларидан бир неча ой аввал унинг ўринбосари Чжу Дэ ва мудофаа вазири Пен Дэ Хуай СССРда, Оренбург яқинидаги Волгабўйи–Урал ҳарбий округига қарашли Тоцк ядро синовлари полигонида бўлиб, у ерда ядро қуроли синовини ва ядро-физика илмий лаборотиясини кўриб қайтган эди.
1955 йилнинг апрель ойида СССР ва Хитой ўртасида илк марта «Хитойда ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳаларини ривожлантириш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш» келишуви имзоланди.
1959 йилгача Хитой ва СССР ўртасида ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳаларида ҳамкорлик қилиш ва Хитой ядро саноатини ривожлантириш бўйича яна бир неча келишувлар имзоланди.
Ана шундай келишувлардан бири 1957 йил 15 октябрда имзоланди. Бу келишувда СССР томонидан Хитойга ядро қуроли технологияларини тақдим этиш кўзда тутилган эди.
Шунингдек, ушбу келишувга кўра СССРдан бир гуруҳ атом энергетикаси ва ядро физикаси соҳаларида ишлаётган юқори малакали мутахассислар Хитойга бориб илмий ишлар олиб боришлари, шунингдек, хитойлик мутахассисларни ўқитишлари кўзда тутилган эди.
Шундан сўнг СССРдан Хитойга ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳасида ёрдам бериш учун кўплаб етук мутахассислар юборилди. Умуман олганда 1950 йилдан 1960 йилгача ўн йил оралиқда, СССРдан Хитойга ядро физикаси ва атом энергетикасини ривожлантириш учун 10 мингга яқин юқори малакали мутахассислар жўнатилган.
Уларнинг ёрдамида Хитойда ядро синовлари учун полигон – Лобнор танланди. У Хитойнинг шимолий-ғарбида жойлашган.
СССРдан борган мутахассислар 1958 йилда Хитойнинг биринчи синов ядро реакторини яратди ва уни қаттиқ сув ва циклотронда синовдан ўтказди.
СССРдан борган мутахассислар шу йиллар оралиғида 11 мингдан ошиқ хитойлик мутахассисни ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳасида ўқитиб, уларни етук мутахассисга айлантирди. Улар орасидан минг нафари СССРда малака ошириб қайтди.
СССР ва Хитой ўртасидаги ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик ўзаро алоқалар анча совуқлашгани учун 50-йилларнинг охирида, аниқроғи 1959 йилга келиб боши берк кўчага кириб қолди. Шундан сўнг Хрушчёв бошчилигидаги СССР раҳбарияти Хитойга ядро қуроли технологиясини бермаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Шу ўринда нега 50-йиллар охирига бориб СССР ва Хитой ўртасидаги ўзаро алоқалар боши берк кўчага кириб қолганига тўхталсак. Маълумки Мао Цзедун ўз вақтида Иосиф Сталин билан жуда яқин дўстона алоқада бўлган. 1953 йилда Сталин вафот этди. Ҳокимият учун кечган курашлардан кейин тахтни Никита Хрушчёв эгаллади. Олдинига икки йилдан ошиқ вақт мобайнида индамай юрган Хрушчёв СССР компартиясининг 1956 йилда ўтказилган съездида дабдурустдан Сталинни «миллионлаб инсонларнинг қонига чўмилган қонхўр жаллод» дея таърифлади. Унинг бу гаплари яқин ва узоқ хорижда катта акс-садо берди. Шундан сўнг Сталиннинг яқин дўсти бўлган Мао Цзедун Хрушчёвдан хафа бўлиб СССР билан алоқаларни совуқлаштириб бораверди. Воқеалар шундай якун топдики, 1960 йилга келиб Хитой билан СССР ўртасидаги алоқалар мутлақо боши берк кўчага кириб қолди.
Шундан сўнг 1960 йилда Хитойда ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳасида ишлаб, дарс бериб мутахассис тайёрлаётган барча олимлар, илмий ходимлар СССРга чақириб олинди. Аммо бу иш Хитойни ўз атом бомбасини яратиб олишини ортга ҳам сурмади, тўсқинлик қила олмади. Сабаби, Хитойнинг ўзида энди ядро физикаси ва атом энергетикаси бўйича кўплаб кучли мутахассислар етишиб чиққан эди.
1960 йилда мамлакатни совет олимлари тарк этганидан сўнг Хитой ўзининг ядро физикаси ва атом энергетикаси бўйича Пекин ядро қуролларини илмий-тадқиқот қилиш институтини очди. Уни хуфёна «Тўққизинчи бюро» деб аташар эди.
1962 йилда Хитой раҳбарияти Цинхай провинциясида ядро қуролларини зарядлантириш заводини, бу заводни шартли равишда «База 20» деб номлади, қурилишини тезроқ тугаллаш ҳақида қарор чиқарди. Мақсад 1963 йилга мўлжалланган ядро қуроли синовини ўтказиш ишларини тезлаштириш эди.
Шунингдек, 1962 йилда Ланьчжоуда уранни бойитиш заводини қуриш жадаллик билан давом эттирилди.
Ишлар жуда шошилинч ва жадаллик билан бажарилаётганига қарамасдан, Хитой ўзининг илк ядро қуролини синовии 1963 йилда ўтказа олмади.
1962–1964 йиллар оралиғида Хитой биринчи ядро қуролини синовдан ўтказмаган бўлса ҳам, хитойлик олимлар ядро физикаси ва атом энергетикаси соҳасида мингдан ошиқ турли синовлар, тадқиқотларни муваффақиятли ўтказди. Ҳатто ядро қуролини моделларини ясади.
Қисқача
1964 йилда Цзюцюань атом ишлаб чиқариш мажмуасида атом бомба учун барча зарурий жиҳозлар таёрланди.
1964 йилнинг ёзида хитойлик мутахассислар тайёрлаган илк ядро қуроли синовдан ўтказилиши учун Лобнор полигонига олиб келинди.
1964 йилнинг октябрь ойида Хитой ўзининг илк ядро қуроли синовини муваффақиятли ўтказди. У очиқ атмосферада ўтказилган эди. Илк ядро қуроли бойитилган ураннинг уран-235 изотоплари билан тўйинтирилган эди.
Илк синов тариқасида портлатилган ядро қуролининг массаси 1550 килограммга етди. Портлаш кучи эса 22 килотоннани ташкил этди.
Ўшанда Хитой томони илк ядро қуролининг синови учун қанча маблағ сарфланганини ошкор этмади. Аммо ғарблик мутахасислар ўша синов учун Хитой камида 4 миллиард доллардан ошиқроқ маблағ сарфлаганини маълум қилди.
Ушбу муваффақиятли синов Хитойни дунёдаги бешинчи ядро қуролига эга даражага айлантирди.
Илк ядро қуроли синови ортидан Хитой раҳбарияти «Хитой ядро қуролини ўз хавфсизлигини таъминлаш учун яратаётганини ва келажакда ҳеч қачон ҳеч қайси давлатга нисбатан биринчи бўлиб ядро қуролини ишлатмаслиги ҳақида» баёнот берди.
1965 йил 14 май куни Хитой олимлари атом бомбани илк марта самолётдан ташлаб синовдан ўтказди. Ушбу синов ҳам муваффақиятли ўтди.
1967 йил 17 июнда эса Хитой ўзининг биринчи термоядроли (водородли) бомбасини синовдан ўтказди.
1968 йил 27 декабрда Хитой ўзининг илк плутоний билан тўйинтирилган термоядро қуролини синовдан ўтказди.
1969 йил 23 сентябрда Хитой илк марта ядро қуролини ер остида портлатиб синовдан ўтказди.
1980 йил 16 октябрда эса Хитой очиқ атмосферадаги охирги ядро синовини ўтказди. Ундан сўнг ўтказилган ядро қуроллари синовлари фақат ер остида ўтказилди.
Хитой охирги ядро қуроли синовини 1996 йил 29 июлда ўтказди.
Хитой ядро қуролларини синовдан ўтказишни бошлагандан буён умумий 47 марта ядро қуролларини синовини ўтказган.
Ундан 23 таси очиқ атмосферада, 24 таси ер остида ўтказилган.
Учта синов 102 метрли махсус минораларда ўтказилган.
Энг йирик ядро қуроли синовида ҳосил бўлган масса 120 килотоннани ташкил этган.
Барча синовлар Хитойнинг шимолий-ғарбидаги Лобнор полигонида ўтказилган.
Ўша йили 30 июлда эса ядро қуролларини синовдан ўтказишни бир томонлама тўхтатиш ҳақидаги халқаро қонунни имзолади. Аммо уни ҳанузгача ратификация қилгани йўқ.
2007 йилда Хитой ҳукумати фаолиятини тўхтатган Лобнор полигонини сайёҳлар учун очиб қўйди.
Илк ядро қуроллари синовлари ўтказилган Лобнор полигонини умумий ҳудуди 1100 квадрат километрни ташкил этади. Унинг қурилиши 1958 йилда бошланган. Ушбу полигон 1987 йилда ёпилган ва 1993 йилда маҳаллий ҳукуматга топширилган.
Полигонда жойлашган база штаб биноси 9,3 метр ер остида қалин бетондан тикланган. Бу ерда ўндан ошиқ хона бор. Сайёҳлар ана шу хоналарга ҳам кириб кўриши мумкин. У ерда бугунги кунда ҳам тадқиқот лабораториялари, команда бериш хонаси, ўша пайтда ишлатилган электрогенераторлар, алоқа жиҳозлари сақланиб қолган.
Базада, шунингдек, музей ҳам очилган ва ўтган асрнинг 60-йилларида фойдаланилган телефон ва телеграф аппаратлари, кийим-кечаклар экспонат сифатида қўйилган.
Бугунги кунда Хитойда ядро қуроллари мавзуси ёпиқ мавзу ҳисобланади. Хитой ўз ядро қуролларининг тури ва сони ҳақида, шунингдек, ядро-физика соҳасидаги махфий тадқиқотлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермайди.
* * *
Охирги йилларда ядро қуролига эга давлатларнинг янги ядро қуроллари устида иш бораётгани ҳақида турли гап-сўзлар чиқиб турибди. Ана шундай тахминлар Хитой ҳақида ҳам билдирилади. Аммо бу гапларни тасдиқлаш имкони йўқ. Сабаби бу ҳақда ҳеч кимда ҳеч қандай аниқ маълумотлар йўқ.
Изоҳ (0)