Бангладеш Президенти Абдул Ҳамид Ўзбекистонга ташрифининг учинчи куни – 18 июнда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига келди. Бу ҳақда Азиз Абдуҳакимовнинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.
Бангладеш раҳбари Самарқанд темир йўл вокзалининг ноёб меъморчилиги таҳсинга сазовор эканини қайд этди.
Азиз Абдуҳакимов Бангладеш Президентига таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети билан Бангладешнинг «Жаҳонгир Нагар» университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни таклиф қилди ва бу ташаббус Президент Абдул Ҳамид томонидан бажонидил қабул қилинди.
Бангладеш Президенти Самарқанддаги «Ҳазрати Ҳизр» комплекси зиёрати давомида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Юксак мартабали меҳмонга мажмуа бўйлаб манзарали экскурсия ташкил этилди ва унинг доирасида комплекснинг барпо этилиши ҳамда Ўзбекистон Биринчи Президентининг ҳаётига оид маълумотлар тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, 15 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбедаги Осиё ҳамкорлиги ва ишонч чораларига доир саммит доирасида Бангладеш раҳбарини қабул қилди.
Изоҳ (0)