Жаҳон банки экспертлари Ўзбекистон учун ҚҚСнинг 20 фоизлик ставкасини рисоладагидек ҳисобламоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Мубин Мирзаев маълум қилди, дея хабар беради Spot.
Мирзаевга кўра, ҳозирда қўшилган қиймат солиғи ставкасини пасайтиришнинг зарурати йўқ.
Тадбиркор Зафар Ҳошимов ҳатто ҳозирги кўринишида ҳам ҚҚС ягона солиқ тўловидан кўра иқтисодиёт ва бизнес учун адолатлироқ ва фойдалироқ эканини билдирган.
«Шу билан бирга, ҚҚС ставкаси ҳозирги 20 фоиздан пастроқ бўлиши керак деган фикрдаман. Агар 12 фоизли ставка белгиланса ҳамда барча имтиёз ва истиснолар бекор қилинса, адолатли, бюджетга зиён етказмайдиган, бизнес ва истеъмолчилар учун дўстона тизимга эга бўлган бўлардик», — дейди тадбиркор.
Иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам аввал режалаштирилганидек мазкур ставкани 12 фоизгача пасайтиришни ёқлаган.
«Агар ҳукумат давлат раҳбарининг ўтган йил июнидаги фармонини бажарган ва ҚҚС бўйича барча солиқ имтиёзларини бекор қилганида, ставкани бюджет учун йўқотишларсиз 12 фоизгача туширса бўларди. Солиқ юки камайиши ортидан бизнес легаллашуви туфайли бюджетга тушумлар ҳатто кўпаяди», — таъкидлайди Юлий Юсупов.
Изоҳ (0)