6 ёшли болаларни мактабга қабул қилиш учун тўлов жорий этилиши кенг миқёсда баҳсларга сабаб бўлмоқда. Турли фикрлар янгради. Ташаббусни қўллаб-қувватлаганлар ҳам бўлди, лекин кўпчилик янги тўловлардан норози бўлди. «Дарё» колумнисти, «Буюк Келажак» экспертлар кенгаши аъзоси, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори Азамат Акбаров бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашади.
Англия тажрибаси: мактабга чиқиш ёши – 5 ёш
Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлиги имкон қадар Англия таълим тизими тажрибасини Ўзбекистонга татбиқ қилаётгандек туюлаяпти. Мисол тариқасида, янги очиладиган «президент мактаблари»нинг тамалини Кембриж халқаро бренди яратиб берган. Бу, албатта, жуда ижобий ва қувонарли бир ҳолат. Лекин нимагадир Англиянинг мактабга чиқиш ёши татбиқ этилмай қолди. Хўш, Англияда мактаб ёши неччи ёш?
Англияда мактаб чиқиш ёши 5 ёш деб белгилланган, яъни бола 31 августда 5 ёшни тўлдириши керак. Шимолий Ирландияда мактабга чиқиш ёши умуман 4 ёш экан.
Демак, Англия тажрибасига суянган ҳолда биз ҳам болалар 6 ёшдан мактабга боришига тўловсиз имкон яратишимиз керак. Эртага қайси илмий факт ва халқаро стандартларга асосланган ҳолда 6 ёшдаги болаларни мактабга олмаслик ёхуд олган тақдирда ҳам буни қанақадир тўлов эвазига амалга оширяпсиз деб сўрашса қандай жавоб берамиз?
Англиялик мутахассисларнинг фикрича, болада 5 ёшидан бошлаб ўрганиш, ўқиш қобилияти шаклланишни бошлар экан. Шу мақсадда Англияда мактабга чиқиш ёши деб 5 ёш деб белгиланган экан. Бизда эса бу 6–7 ёш дея таъкидланади. Баъзи ота-оналар 6 ёшни маъқул билиб, боласини шу ёшда мактабга беради, баъзилар эса 7 ёшни афзал билади. Бундан ташқари, халқ таълими тизимида мактаб ёши борасида тушунмовчиликлар бор. Баъзи мактаблар 6 ёшдан қабул қилса, баъзилари бундай қилмайди.
Финляндия тажрибаси: «элита» ёки «суст» мактаблар йўқ
Кўп йиллардан бери Финляндия таълим тизими турли рейтингларда мунтазам равишда энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Бироқ ушбу мамлакат таълим тизими берадиган энг асосий «мукофот» ҳақида айтиб ўтиш жоиз. Нуфузли PISA (Program for International Student Assessment – Халқаро талабаларнинг таълимда эришган ютуқларини баҳолаш дастури) ташкилотининг уч йилда бир марта ўтказадиган тадқиқотлар натижаларига кўра, билим савияси кўрсаткичи бўйича Финляндия мактаблари ўқувчилари энг юқори натижага эришган. Шунингдек, бу мамлакат ўқувчилари сайёрамизда энг кўп китоб ўқийдиган ўқувчилар ҳам экан. Бундан ташқари, улар табиий фанлар бўйича 2-ўринни, математика бўйича эса 5-ўринни эгаллаган. Аслида жаҳон педагогик ҳамжамиятини ҳайратга соладиган ҳолат бунинг ўзигина эмас.
Уларда болалар «элита» ёки «суст», «бой» ёки «камбағал» табақаларга бўлинмас экан. Энг катта мактабда 960, энг кичигида эса атиги 11 бола таҳсил олар экан. Ҳамма мактаблар мутлақо бир хил ускуналар билан таъминланган. Имкониялар ва молиялаштириш ҳамма учун бир хил. Қарийб барча мактаблар давлатники бўлиб, бу эрда таълим бепул. Атрофда давлат-хусусий мактаблари бор, бу ерда ота-оналар қисман тўлов амалга оширишидан ташқари орадаги фарқ ўқувчиларга нисбатан талабнинг юқорироқ эканидан иборат. Финляндияда ўқувчилар тўгаракларга қатнамайди. Бу ерда алоҳида қўшимча таълим тизими йўқ. Қўшимча таълимнинг қарийб барча турлари мактаб дастури таркибига киритилган.
Финляндияда мактаб танлаш деган одат йўқ. Ҳар бир бола ўз уйига яқин мактабга қатнайди. «Элита» мактаблари деган тушунча йўқ, чунки барча мактаблар бир хил: қаерда яшашидан қатъий назар, бола юқори малакали ўқитувчилар ишлайдиган, сифатли таълим материаллари ва тўлақонли овқат билан таъмиланган мактабга қатнайди. Чунки мактабларнинг ҳаммаси том маънода бир хил даражада «яхши».
Ўзбекистон тажрибаси: сифатли таълим олиш имконияти чегараланган
Таълим ҳаётимизда муҳим ўрин тутишини жуда яхши биламиз. Буюк аждодларимиз ёшлик чоғиданоқ машҳур бўлган ва, шубҳа йўқки, улар 6 ёшида аллақачон билим ва тажрибаларининг маълум қисмини эгаллаб бўлган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда кўплаб ота-оналар болаларига сифатли таълим бериш ниятида. Ота ёки она сифатида биз фарзандларимизнинг биринчи ва энг муҳим ўқитувчиларимиз. Ота-оналар кўп ишлайди, чунки уларда болаларига яхши, сифатли таълим бериш имконини топиш мақсади бор. Яхши мактаблар сонининг камлиги ота-оналарда муаммо пайдо қилади ва баъзан ўз шаҳар-қишлоқларидан бошқа шаҳарларга бориб яшаш, янги жойда иш топиш, хонадонларни ижарага олиш, мактаб излаш ортидан «Тошкент пропискаси» ва шу каби кўплаб муаммоларга дуч келади. Бу болалар учун ҳам жиддий психологик муаммо келтириб чиқаради, негаки улар эски дўстларидан ажралиб, бошқалар билан дўстлашишга ҳамда янги ўқув усуллари ва дастурларини ўзлаштиришга мажбур бўлади. Демак, олдимизда Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни Ўзбекистонннг барча ҳудудларида сифатли таълим олиш имкониятини яратиб бера олишига ишонтира оладими, таъминлай оладими деган савол турибди. Бунинг устига, мана шу йил баҳор-ёзидан бошлаб вазирлик бошланғич таълим мактаблари 1-синфига қабул қилинадиган болалар учун тўлов олиш каби янги «инновацион» усул жорий қилди.
Мамлактимизда сифатли таълим берадиган мактаблар борлиги билан фақат катта шаҳарлар фахралана олиши мумкинлигини яширишдан наф йўқ. Бундай мактабларнинг аксарияти Тошкент шаҳрида жойлашган. Кўплаб дўстларим ягона мақсад – фарзандига яхши таълим бериш учунгина Тошкентга кўчиб кетганини яхши биламан. Финляндиядаги каби Ўзбекистоннинг ҳар бир шаҳар-қишлоғида яхши таълимни йўлга қўймасликдан, шу билан бир қаторда, таълим олиш учун интилганлар олдига сунъий тўсиқлар қўйишдан амалдорларнинг мақсади нима ўзи?
Дунё тажрибаси: Жаҳоннинг 134 мамлакатида таълим 6 ёшдан бошланади
Қолаверса, болаларни эрта болалик чоғидан ўқитишда халқаро тажриба мавжуд. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, жаҳондаги 204 давлатининг 134 тасида (64,6 фоиз) болалар мактаб таҳсилини 6 ёшдан бошлар экан, 42 мамлакатда (20,6 фоиз) мактабга 7 ёшдан боришади. Масалан, Германия, Италия, Франция, Бельгия, Хитой, Жанубий Корея, Сингапур, Япония, Канада каби мамлакатларда болалар мактабга 6 ёшдан қатнай бошлайди.
2018 йилда Қозоғистонда «Болаларнинг эрта ривожланиши: муаммолар ва уларнинг эчимини излаш» мавзусида сўровнома ўтказилди. Сўровнома натижаларига кўра 5 ёшли болаларни мактабга тайёрлашни мактабгача таълим муассасаларида бошлаш лозимлиги ва биринчи синфга 6 ёшдан бошлаб олиш лозимлиги аниқланди.
Олимларнинг фикрича, 6 ёшдаги болаларнинг ўқишга чанқоқлиги, уларнинг қизиқувчанлиги ва ривожланган тасаввури, когнитив (англаш) ва психик ривожланганлик жиҳатлари мактабга 6 ёшдан ўқитишни бошлашнинг афзаллик томонлари ҳисобланади, чунки бу ёшда боланинг мотивацион-эҳтиёж хусусиятлари фаол ривожланиш босқичида бўлади: бу ёшдаги болаларда ҳамма нарса қизиқиш уйғотади ва уларда ҳамма нарсадан бирор нима ўрганиш имконияти бўлади. 6 ёшдаги болаларда диққат-эътиборнинг барқарорлиги, оғзаки илтимос, буйруқни қабул қилиб тушуниш, ўз ҳаракатларини мувофиқлаштира олиш хусусиятлари шаклланади. 6 ёшга келиб боланинг сўз бойлиги тахминан 4 минг сўздан иборат бўлади.
Болага содда мақол-маталлар маъноси тушунарли бўлиб, у расмлардаги сюжет алоқаларини осон англай олади ва улар асосида ҳикоя туза олади, нарсаларни ҳеч бир қийинчиликсиз умумлаштириб, қисмларга бўла олади, оддий арифметик вазифаларни бажара олади, макон ва замон ҳақида тушунчаси шаклланган бўлади. Болани мактабга тайёрлаш оилада, мактабгача таълим муассасаларида ва умумтаълим мактаблари қошидаги мактабгача таълим синфларида амалга оширилади. Одатда мактабгача таълим муассасаларида таҳсил олган олти ёшли болалар бошланғич таълим даражаси стандарт ўқув дастурлари асосида таълим олишга тайёр бўлади.
Сифатли таълим берувчи мактаблар ва буюк ўқитувчиларга эҳтиёж ҳамма замонларда бўлади. Вақтинча иқтисодий қийинчиликлар, ишга олиш сиёсати, бюджетни қисқартириш ёки таълим тизимига таъсир қилувчи бошқа омилларга қарамасдан, мактаблар ва ўқитувчиларга бўлган талаб вақтга бўйсунмайди ва умумбашарий ҳисобланади. Жамиятда доим мураббийларга эҳтиёж бўлади. Шу аснода Халқ таълими вазирлиги юқори малакали мактаблар танқислигини қисқартиришга қаратилган узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқиши ва бошқа вазирликлар билан яқин ҳамкорликда жамоа бўлиб иш олиб бориши лозим. Акс ҳолда олдимизга қўйган қисқа муддатли мақсадларга эришиш йўлида турли тўсиқлар ва «инновациялар» билан ота-оналарни ранжитишимиз ва сифатли таълим йўқлиги сабабидан эртанги кунимизда саводсиз ёш авлоднинг кўп сонли армиясини қолдиришимиз эҳтимоли бор.
Бола учун 6 ёшдан ўқишни бошлашнинг афзалликлари
Ҳали 7 ёшга тўлмаган болаларни мактабга қабул қилиб ўқитиш учун тўлов талаб қилиш каби «инновацион» ташаббус мен учун мутлақо мантиқсиз ва асоссиз эканлигини таъкидлаб ўтишим жоиз. Дунёнинг 134 мамлакатида болалар мактабда таълим олишни 6 ёшда бошлайди ва бунинг учун ҳеч қанақа ортиқча «компенсация тўлови» талаб қилинмайди. Албатта, вазирликдагилар 6 ёшдаги болалар уч ярим соат парта ортида ўтиришга тайёр эмаслиги, вазифа ва дарсларни бажаришга қодир эмаслигини рўкач қилиши мумкин. Ваҳоланки, бир йилдан кейин бола бу вазифаларни билан ўзи мустақил бажара олиши мумкин. Нега энди 7 ёшлилар билан бир синфда ўтирган бола доимо қолоқ бўлар экан? Нега ҳар бир бола учун индивидуал ёндашув йўқ? Баъзи олти ёшли болалар аллақачон биринчи синфга боришга тайёр, бошқалари эса мактабда таҳсил олиш учун эмоционал-ирода жиҳатдан шаклланмаган. Ҳаётда ҳамма нарса индивидуал жиҳатга эга, ва ҳамма болаларга бир хил назар билан қарамаслик керак. Бола мактабга боришга тайёр ёки тайёр эмаслигини қандай аниқлаш мумкин?
Тадқиқотлар натижалари яна шуни кўрсатдики, мактабдаги каби расмий дарслардан кўра эрта болаликда ўйинларга асосланган ўқув дастури болаларга кўпроқ билим ва фойда беради. 4 ва 5 ёшдаги болалар шу ёшда мактабга боргандагига нисбатан ўйинларга асосланган ўқув муҳитида кўпроқ нарда ўрганади.
Шу аснода уч нарсани амалга оширишни таклиф қиламан.
Биринчидан, таълим тизими бола нуқтаи назаридан ишлаб чиқилиши лозим. Асосий йўналишда ҳар бир боланинг эҳтиёжларини ҳисобга олиши ҳамда тизимда барча болаларнинг ривожланиш босқичи ва шахсий хусусиятларини инобатга олиш учун ўзгартиришлар киритиш имкони мавжуд бўлиши лозим. Юқори сифатли таълим беришда таълимнинг барча учун тенгликка асосланганлиги таълим сиёсатининг ривожлантирувчи кучи ҳисобланади.
Иккинчидан, расмий мактаб таълими бошланишидан олдин, умумий бошланғич болалар таълими тизимини жорий қилишни таклиф қилган бўлар эдим. Бу тизимда болада ўйинларга асосланган дастурда маза қилиб ўйнаш, жисмоний машғулот-ўйинларда қатнашиш ва таълим олиш ҳуқуқи бўлади. Бундай ўзаро ҳаракат турлари жуда зарур, чунки бундай ёндашувда боланинг тўлақонли ривожланишига эътибор беришга имкон берилади. Болалар ижтимоий малакалар, ижодкорлик, эмпатияга ва ўз тасаввурини қандай қилиб ишга тушириш-қўллашга ўргатилади. Бу ерда мактабнинг тайёрлиги жуда муҳим жиҳатдир. Мактаб турли-туман ривожланиш даражасидаги болаларни қабул қилишга тайёрми?
Учинчидан, мактабни 6 ёшдан эрта бошлашни ва биринчи синф дастурини расмий мактаб таълимига силлиқ, қийинчиликларсиз ўтишни таъминлашни кўзда тутиб режалаштиришни таклиф қилган бўлардим. Финляндия ва бошқа Скандинавия мамлакатларида таълимга бўлган ёндашув шундай.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.
Изоҳ (0)