Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошида ташкил этилган махсус инспекция тотализатор ва келишилган ўйинларда иштирок этаётган шахсларни аниқлади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, «Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоировнинг Профессионал футбол лигасига тақдим этган хати асосида ЎФА махсус инспекцияси суриштирув ишларини олиб борган.
Хатда «Зарангари» футбол клубининг беш нафар футболчиси келишилган ўйинларда гумон қилинаётгани айтилган бўлиб, уларнинг исм-шарифлари аниқ кўрсатиб ўтилган. Маълум бўлишича, клуб раҳбариятининг ўзи ноҳалол футболга йўл очиб берган ва бу ишга унамаган футболчиларни туҳмат тариқасида жамоадан четлаштириш чорасини кўрмоқчи бўлган.
Қайд этилишича, «Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоиров «Зарангари»да молиявий муаммолар борлигини рўкач қилиб, жамоанинг барча ишларига эндиликда Шерзод Сатторов жавобгар бўлишини футболчиларга расман маълум қилган (Шерзод Сатторов Профессионал футбол лигаси рўйхатидан «Иттифоқ—Бухоро» футбол клуби бош мураббийи сифатида ўтган). «Зарангари» футболчилари Тоировдан ҳозирги кунгача бўлган молиявий ҳисоб-китобни қилишини талаб қилган. Мана шу масала сабаб муаммо келиб чиққан.
Хабарда айтилишича, кейинроқ Сатторов барча масалани ўзи ҳал қилишини, керак бўлса трансфер ойнаси очилмаёқ янги футболчиларни жамоага олиб келишга қудрати етиши ҳақида айтган. Ойликдан ташқари пул ишлаш ниятида бўлган футболчилар унинг кўрсатмаси билан тотализаторда иштирок этишлари кераклигини уқтирмоқчи бўлган.
ЎФА махсус инспекцияси эса Фурқат Тоиров ҳамда Шерзод Сатторовларнинг футболчилар билан суҳбатлари ёзилган аудиоёзувни тўлиқ қўлга киритган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитасининг қарорига кўра, «Иттифоқ-Бухоро» жамоаси бош мураббийи Шерзод Сатторов бир умрга футболга алоқадор барча фаолиятдан четлатилган.
Шунингдек, аудиоёзувларга кўра, Сатторов ЎФА ҳамда ПФЛнинг айрим ходимларини ҳақорат қилган, уларга жиддий туҳматлар ёғдирган.
ЎФА Интизом ва одоб-ахлоқ (этика) қўмитаси «Зарангари» футбол клуби раҳбари Фурқат Тоировни 1 йилга футболдан четлатиб, 20 миллион сўм жарима солинган. Таъкидланишича, кейинги текширувлар жараёнида унинг ҳам келишилган ўйинларга алоқадорлиги факти топилса, жазо ўзгартирилади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)