Инна Тян исм-шарифли фойдаланувчи «Potrebitel.uz» гуруҳида Урганчдан Тошкентга қайтишда аэропортда ўзи дуч келган таксичилар таҳдиди ҳақида ҳикоя қилган.
«Аэропортдаги таксичилар айтган нарх мени қониқтирмади ва ‘Яндекс’ таксини чақирдим. Маҳаллий киракаш ортимдан қолмай юрар ва ‘Яндекс’да кетмаслигимни таъкидларди. Шу пайт чақирилган авто етиб келди, бирок киракаш унга ниманидир тушунтира бошлади ва ёш йигит бўлган ҳайдовчи юкхонада жойи камлигини баҳона қилиб, кетиб юборди.
Бошқасини чақирдим, киракаш эса ҳамон ортимдан қолмай юрар ва ‘Яндекс’да эмас, фақат уларнинг машинасида кетишимизни уқтирарди. Улар чақирилган кейинги машина — Nexia ҳайдовчисига ҳам таҳдид қила бошлаганида чидаб туролмай, бақириб бердим. Ахир айбим киракашлардан неча пулга элтиб қўйишларини сўраганимми? Нарх мени қондирмаса бошқа машинада кетишга ҳаққим йўқми? Охири шундай можаролар билан ўзимиз истаган таксида кетдик», — дея дарғазаб бўлади фойдаланувчи.
Инна Тян ўз постида киракашларга нега мижоз ўзи истаган таксида манзилига кетишларига йўл қўймасликлари, умуман, йўловчи ташиш учун лицензиялари бор-йўқлигини сўрагани, бироқ саволлари жавобсиз қолганини билдирган. У бўлиб ўтган воқеага «ўзи хон, кўланкаси майдон» дея баҳо берган.
Изоҳ (0)