Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги Ўзбекистонда Рамазон ойларида тайёрланиб, дастурхонга тортиладиган фойдали неъмат — нишолда ҳақида ўз ўқувчиларига гапириб берди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди, деб ёзади «Халқ сўзи».
«Барча учун севимли бўлган ширинликни тайёрлаш рўза киришидан анча олдин бошланади. Нишолда ширин кремни эслатади. Уни одатда эркаклар тайёрлайди. Бу санъат отадан ўғилга мерос бўлиб ўтади. Овқат ҳазм бўлишига яхши таъсир қиладиган мазкур десерт Ўзбекистоннинг барча бозорларида сотилади. Ширинлик Ўзбекистондаги минглаб оилалар ифторлик дастурхонининг ажралмас қисмига айланган», — деб ёзади Туркиянинг етакчи ахборот агентлиги мухбири.
«Босфор янгиликлари» турк газетаси эса асрлардан асрларга безавол ўтиб келаётган қадриятлар тимсолларидан бири ўзбек нони ҳақида ҳикоя қилади.
«Ўзбекистонда меҳмонларни ҳамиша палов ва миллий ўзбек нони билан кутиб олишади. Бирор тадбир нонсиз ўтмайди. Бу кундалик ҳаёт, қадриятлар, урф-одатлар, эътиқод, миллий эртаклар ва умуман ўзбек халқи тарихининг ажралмас қисмидир. Тошкентда ҳар бир дўкондан нон сотиб олиш билан биргаликда ҳар бир маҳаллада тун-у кун ишлайдиган ўз новвойхоналари бор. Ўзбек нонини тайёрлаш рецепти худди ўзбек палови каби кўп бўлиб, ҳар бир минтақа, вилоят ўзининг такрорланмас таъми ва ифорига эга», — дея қайд этиб ўтади нашр.
Изоҳ (0)