Ўтган ҳафта давомида Тошкент йўлларида йўл ҳаракати қоидалари 15 363 марта бузилганлиги ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан қайд этилди, шулардан 2 799 тасида қоидалар қўпол тарзда бузилган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Транспорт воситасини спиртли ичимлик таъсири остида бошқариш – ҳайдовчи томонидан йўл қўйилган энг хавфли хато ҳисобланади. 2019 йилнинг 6 май кунидан 12 майгача бу каби қоидабузарликлар 27 марта қайд этилди.Светофорнинг тақиқловчи белгисини менсимаслик билан боғлиқ қоидабузарлик Тошкент шаҳар ЙҲХБ инспекторлари томонидан 150 марта қайд этилди. Эслатиб ўтамиз, мумкин бўлмаган вақтда чорраҳани кесиб ўтиш – нафақат юқоридаги кодекснинг 128-4-моддаси бўйича баённома тузилишига сабаб бўлиши, балки жиддий ЙТҲ туғдириши мумкин.
Транспорт воситасини бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг йўқлиги қайд этилган муддат давомида 286 марта Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси бўйича баённома тузилишига сабаб бўлди. Техник кўрикдан ўз вақтида ўтиш ва суғурта полисини янгилаш йўлда ортиқча бош оғриғисиз ҳаракатланишга ёрдам бўлади.
Шу сабабга кўра янги харид қилинган автомобилни ЙҲХБда ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш даркор: 6 май кунидан 12 майгача ҳайдовчилар томонидан бу камчиликка йўл қўйилганига 128 марта гувоҳ бўлинди. Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси (3-қ.)га мувофиқ, ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган транспорт воситаларини бошқаришлари жарима солинишига ҳамда автомобилни жарима майдончасига тушишига сабаб бўлади. Шу билан бир қаторда транспорт воситаларини ушбу транспортга тегишли бўлмаган қалбаки ёки бошқа услуб билан ўзгартирилган давлат рақамлар билан бошқариш, Кодекснинг юқоридаги моддасига кўра энг кам иш ҳақининг ўн баравари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади, аммо ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида бу каби ҳолатлар ҳафта давомида икки марта учради холос.
Йўлдаги жиддий муаммолардан бири – автомобиль бошқариш вақтида эътибори смартфонларда бўлган ҳайдовчилардир. Автомобиль бошқаруви вақтида телефон орқали сўзлашиш ҳафта давомида 141 марта қайд этилган бўлса, видеомонитордан фойдаланиш – 5 марта қайд этилди.
Транспорт воситасини пиёдалар йўлакчалари бўйлаб бошқариш қоидабузарлиги ҳафта давомида 179 марта қайд этилди. Ушбу қоидабузарлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига мувофиқ солинадиган жарима миқдори ЭКИҲнинг ½ дан 4 бараваригача бўлган миқдорни ташкил этади. Агар ушбу қоидабузарлик бир йил давомида тўрт марта содир этилса, сурункали қоидабузар ҳайдовчилик гувоҳномасидан олти ой муддатга маҳрум бўлади.
Пиёдалар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳануз учраб турмоқда: ўтган ҳафта давомида бундай ҳолатлар 1 241 марта қайд этилди.
Транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келган йўл-транспорт ҳодисалари ЙПХ инспекторлари томонидан ҳафта давомида 531 марта қайд этилди. Кичик тўқнашувларнинг айбдорларини Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 134-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан тўрт бараваригача жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача бўлган муддатга маҳрум бўлиш кутмоқда.
Изоҳ (0)