Осиё футбол конфедерациясининг тартиб-интизом қўмитаси Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров борасида қарор қабул қилди, деб ёзмоқда футбол мутахассиси Алишер Никимбаев ўзининг Telegram’даги каналида.
«Ўзбекистон терма жамоаси дарвозабони 8 ойга футболдан четлатилди. Дисквалификация муддати 2019 йил 13 февралидан кучга кирган деб ҳисобланади. Яъни, Нестеров 13 октябрь куни майдонга туша олиши мумкин. 13 август санасидан бошлаб эса Нестеров машғулотларни бошлаши ва шартнома тузиши мумкин бўлади. Айбловчи томон 16 ойлик дисквалификация талаб қилганини ҳисобга олинса, допинг билан кураш кундан кунга авж олаётган бир пайтда 8 ой жуда ҳам енгил жазо ҳисобланади. Нестеров иши бу яқинда тузилган Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмасининг дастлабки акцияси ҳисобланади. Ушбу ташкилот Ўзбекистон терма жамоаси посбонини ҳимоя қилиш учун машҳур Россия юридик компаниясини жалб қилган эди», — деб ёзади Алишер Никимбаев.«Championat.asia» нашри эса бу борада кўпроқ маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон футболчилар касаба уюшмаси президенти Камолиддин Мурзоев билан боғланган.
«Игнатий Нестеров иши биз учун яхши якунланди дея оламан. Сабаби ОФК дарвозабонга 2,5 йил яъни 30 ойлик дисквалификация бермоқчи бўлганди. Бу эса Нестеровнинг фаолиятини якунлашини англатарди. Бироқ юристлар бу муддатни 8 ойга туширишгани бизнинг кичик ғалабамиз бўлди», — дейди Камолиддин Мурзоев.Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нестеров Осиё Кубоги вақтида Ўзбекистон терма жамоаси сафида тақиқланган моддаларни қабул қилгани учун ОФК томонидан четлатилгани хабар берилганди. Аммо жазо муддати қанча ва қачонгача амал қилиши номаълумлигича қолаётганди.
Маълумот учун, Нестеровнинг сўнгги жамоаси Саудия Арабистонининг «Уҳуд» жамоаси бўлди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)