Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи Жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги муносабати билан Андижон шаҳрида байрам тантаналари ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Дастлаб Андижон шаҳридаги Хотира майдонида вилоят ҳокимлиги, Андижон гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлар, Миллий гвардия, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фахрийлари, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйилди.
«Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимининг маълумотларига кўра, Иккинчи Жаҳон урушида 97,5 мингдан ортиқ андижонлик иштирок этган, улардан 54 минг нафаригина урушдан қайтган. Вилоятда айни пайтда 50 нафар уруш қатнашчаси яшамоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида хизмат вазифасини ўтаётган аскарларнинг жанговор тайёргарлик жараёнлари намойиш этилди.
Ҳарбий оркестр садолари остида кириб келган аскарлар, ҳарбий ва жанговор техникалар, отлиқ аскарлар, вилоятдаги ташкилот, корхона, муассаса ходимларидан иборат ҳарбий парад иштирокчилари Шароф Рашидов, Амир Темур ҳамда Алишер Навоий шоҳ кўчалари бўйлаб қарийб 3 километр юрди.
Байрам тадбири Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилиб, очиқ-осмон остида намойиш қилинган спектакл ўтган асрнинг суронли йилларини, воқеликларини қайта гавдалантирди.
Изоҳ (0)