Бугун, 10 май куни эрталаб «Давр» банкнинг Учтепа филиали мижозларига турли вақтларда қабул қилинган, аммо ҳисоб варағига ёзилмаган пулларни қайтариб бера бошлади. Бу ҳақда «Новости Узбекистана» хабар берди.
Зарар кўрган омонатчиларнинг айтишича, кеча, 9 май куни банк уларга пулини қайтариб беришини хабар қилган. Марказий банк фуқаролар мурожаатига кўра рўйхат тузган ва уни «Давр» банк бошқарувчисига тақдим этган.
«Яқиндагина биз банк ходимларига паспортимиздан нусха ва банк кассасига қилган тўловимизнинг квитанциясини қолдирдик. Бугун эрталабдан банк биз билан шартнома тузди. Соат 11 га яқин бизнинг пулимизни қайтара бошлади», — дейди банк омонатчиларидан бири Саодат Тўрахонова.
Ҳозирда ўнга яқин одам ўз жамғармаларини қайтариб олишга муваффақ бўлди. Лекин рўйхатда яна анча алданган омонатчилар бор.
7 май куни «Давр» банкнинг Учтепа филиалида кенг кўламли ҳодиса юз берган: кассир ва кредит бўлими ходими катта миқдордаги суммани ўмаришда гумон қилинган. Тошкент шаҳар ИИББни хабар қилишича, аллақачон 20 дан ортиқ жабр кўрган фуқаролардан ариза келиб тушган. Лекин алданган омонатчиларнинг сони кундан кунга ошиб бормоқда. Ўз навбатида банк бошқарувчиси бу воқеага банкнинг алоқаси йўқлигини ҳамда тергов тугамагунича ҳеч кимнинг пули йўқолиб қолмаслигини, чунки жабр кўрганлар банк мижозлари эмаслигини айтган.
Банк бошқарувчиси ва ҳуқуқшунос фуқароларга ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилишларини тавсия қилган.
Куни кеча Марказий банк бу масалада расмий баёнот қилган. Унга кўра, агар «Давр» банк зарар кўрганларга ўз омонатини қайтармаса, унга нисбатан қатъий чора кўрилади. Бундан ташқари, Марказий банк банк раҳбариятининг жавобини, жумладан, «жиноят содир этиш учун шароит яратиш»да фуқароларни айблаган расмийларнинг баёнотларини етарли эмас деб ҳисоблади. Бу банк акциядорлари бошқарувчини алмаштиришни талаб қилишига имкон беради.
Изоҳ (0)