Англия Премьер лигасида мавсумнинг энг яхши ўйинчиси соврини учун даъвогарлар эълон қилинди. Бу ҳақда лиганинг расмий сайтида хабар берилди.
Ушбу номга қуйидаги 7 нафат футболчи даъвогарлик қилмоқда: Серхио Агуэро, Раҳим Стерлинг, Бернарду Силва (ҳаммаси — «Манчестер Сити»), Эден Азар («Челси»), Виржил ван Дейк, Садио Мане, Муҳаммад Салоҳ (барчаси — «Ливерпуль»).
Салоҳ мусобақа тўпурарлари рўйхатида, Азар эса «гол+пас» тизимида етакчилик қилмоқда. Мане ва Агуэро тўпурарлар баҳсида иккинчи ўринни бўлишиб турибди. Ван Дейк Англиянинг профессионал футболчилар ассоциацияси талқинига кўра, мавсумнинг энг яхши ўйинчиси деб топилган бўлса, Стерлинг мавсумнинг энг яхши ёш ўйинчиси совринига эга чиққанди.
Ғолиб мухлислар, 20 та клуб сардорлари ҳамда футбол мутахассисларининг овоз бериш йўли орқали аниқланади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)