5 май, якшанба куни Тошкентнинг «Ёшлик спорт» мажмуасида Ўзбекистонда биринчи бор ҳаваскорлар ўртасида триатлон (сузиш, веломусобақа ва югуриш) бўйича «Триатлон Спринт» мусобақалари ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон триатлон федерацияси «Дарё»га маълум қилди.
Унда ҳаваскор спортчилар 750 метр масофага сузиш, 20 километр масофага велоспорт бўйича белашиш ва 5 километрга югуриш бўйича рақобатлашди.
Мусобақа натижасига кўра, эркаклар ўртасида Андрей Шарипов 1:05:21 натижа билан мутлақ ғолибга айланган бўлса, иккинчи ва учинчи ўринлар Алексей Григорев (1:11:13) ҳамда Мурод Ҳусановга (1:23:57) насиб этди.
Аёллар ўртасида эса белгиланган шартларни 1 соат 30 дақиқа ва 53 сонияда босиб ўтган Олга Дробишва олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, ушбу йўналишда Олга Панкратова (1:34:12) ва Алина Юн (1:51:28) натижалар билан шоҳсупанинг иккинчи ва учинчи поғоналарига кўтарилди.
Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Отабек Умаров ўзининг Instagram’даги расмий саҳифаси орқали мазкур мусобақа ғолибларига табрик йўллади:
«Бугун пойтахтимизда илк бора ҳаваскорлар ўртасида триатлон бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Ушбу мусобақа июль ойида Қозоғистонда бўлиб ўтадиган IRONMAN 70.3 Астана учун тайёргарлик доирасида ташкил этилган.Эслатиб ўтамиз, мазкур мусобақа ғолиблари Қозоғистонда бўлиб ўтадиган IRONMAN 70.3 Астана мусобақасига йўлланмани қўлга киритди.Фурсатдан фойдаланиб, бугунги триатлон мусобақасининг барча турлари бўйича ғолиб бўлган юртдошларимизни самимий табриклайман. Ва албатта, Қозоғистонда ўтадиган IRONMAN 70.3 Астанаъда мутлақ ғолибликни қўлга киритишларига тилакдошман. Марра сари олға, эпчил спортчиларимиз!»
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)