Термизнинг «Дўстлик» маҳалласида яшовчи эркак шаҳар Мажбурий ижро бюросида ишловчи аёлга қўл кўтаргани учун суд томонидан жазоланди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Фуқаро Х.Ш. ўз хонадонига электр симларини ноқонуний равишда улаб олиб, ҳисоблагичсиз электрдан фойдаланган. МИБ инспектори ушбу ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштираётганида фуқаро инспектор аёлга қаршилик кўрсатиб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан «Мажнунтол» маҳалласида сайёр очиқ судда кўриб чиқилди. Суд Х.Ш.ни Жиноят Кодексининг 219-модаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 1-қисми билан айбли деб топиб, унга нисбатан иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил муддатда ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.
Аввалроқ Жиззахда бир фуқаро МИБ ходимининг бошига тош билан ургани, бошқаси эса мотоарра билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)