Фарғона вилояти Боғдод тумани Майлавой МФЙда яшовчи ҳуқуқшунос Қаҳҳоржон Ҳошимовдан «Дарё» таҳририятига келиб тушган мурожаатда туман ҳокими ва прокурори ободонлаштириш шиори остида қишлоқ аҳолисига тегишли теракларни ёппасига мажбуран кестириб юборгани ҳақида сўз боради. Мурожаатда фуқаронинг ҳоким ва прокурор устидан ушбу масала бўйича Президент порталига юборган шикоятини ўрганиш билан ҳокимлик шуғулланаётгани ҳам айтилади. Майлавой оқсоқоллар кенгаши аъзоси Қаҳҳоржон Ҳошимовдан келган мурожаатни (имло хатоларини тузатган ҳолда) тўлиғича келтириб ўтамиз.
Боғдод туманида қишлоқларни ободонлаштириш шиори остида қишлоқ аҳолисига хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган теракларни ёппасига мажбуран кестириб юборилиб аҳолига катта миқдорда зарар ва жиддий зиён етказилганлиги ҳақида.
Одамлару одамлар, боғда битган бодомлар эшитмадим деманглар! Фарғона вилояти, Боғдод тумани ҳоким вазифасини бажарувчиси Турсунов Алибек ва туман прокурори Назаров Мирзабедиллар биргаликда ўзларича ишчи гуруҳ, аслида эса жиноий гуруҳ деса тўғри бўлади, ташкил қилиб олишиб, тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларига бостириб келишиб, аҳолининг йўл четларига ва ўзларининг томорқа участкаларининг чегараларига экиб парваришлаб келишаётган ноёб қурилиш материали ҳисобланган декоратив терак дарахтларини асоссиз равишда ҳеч қандай қарор чиқармасдан ўзбошимчалик билан ёппасига мажбуран кестириб юборишмоқда.
Бу гуруҳ 2–3 март кунлари Майлавой МФЙга келиб маҳалла оқсоқоли Саминжонов Солижонни ўзларига шерик қилиб қўшиб олишиб, йўл четларига экилган, терак дарахтларини эгасининг розилигиз мажбурий рашивда кесдириб ташлади. Жумладан, менинг хонадонимга тегишли бўлган 6–8 йиллик катта-кичик навқирон 105 туп теракларни ҳамда 1–1,5 сотих ердаги терак майдончасидаги 2 ёшли 198 туп ниҳол теракларимизни шафқатсизларча кестириб ташлади. Бундан мен жуда дарғазаб бўлдим. Турмуш ўртоғим, пенсионер Ҳошимова Салимахонинг қон босими ошиб кетиб касалхонага тушиб қолди.
Мен ҳокимдан «Теракларни мажбуран кестиришга қарорларинг ёки бирорта ҳужжатларинг борми??», – деб сўрасам. У: «Мана мен ҳокимман, мен борман, ана прокурор, ана қишлоқ оқсоқоли бор, шулар сизга қарор. Бошқа ҳеч қанақа қарор-парор йўқ!» – деб дағдаға қилди. Мен уларга агар теракларни кестиришга қарорлари ёки бошқа бирорта ҳужжатлари бўлмаса теракларни кестиришга ҳақлари йўқлигини айтдим. Шунда прокурор: «Биз теракларни туманимизни ободонлаштириш тадбири асосида кестиряпмиз, сиз оддий фуқаросиз, теракларингизни кесишга мажбурсиз, бу давлат аҳамиятидаги сиёсат, қарши чиққудек бўлсангиз жавобгар бўласиз, ҳали сиз экансизу, бошқалар ҳам қарши чиқа олмайди, қани қаршилик қилиб ҳам кўришсинчи?», — деб ўдағайлади. Ҳа-ҳа, ўдағайлаб мен томонга бостириб келиб: «Теракларингни кесасан, қани кесмай кўрчи», — деб ўшқирди, қилган қалтис ҳаракатидан кўзойнаги ҳам кўзидан тушиб кетаёзди. Мен унга: «Жаноб прокурор, сиз ўзингизни босиб олинг, бу тераклар менинг хусусий мулким, хусусий мулк даҳлсиздир ва қонун ҳимояси остида, агар сиз ҳақиқий прокурор бўлсангиз менинг ҳуқуқимни ҳимоя қилишингиз керак, сиз эса мулкни нобуд қиляпсиз, тўхтатинг қонунбузарликларни», – деб айтдим. Бироқ прокурор ҳам, ҳоким ҳам мени қонуний талабларимга қулоқ солмади ва ҳамма теракларни кестириб ташлашди.
Кейин маҳаллама маҳалла юриб оралиқ йўлларга-фуқароларнинг ўз томорқа ерларининг чегара қисмига экилган ҳали етилмаган ёш навқирон теракларни ёппасига мажбурлаб кестириб ташлаб теракларга қирон келтиришди. Уларнинг бундай номақбул ҳаракатларидан кўпчилик фуқаролар қаттиқ норози бўлишиб азият чекишди. Уларнинг устидан кимга арз қилишларини билмай карахт бўлиб довдираб қолишди.
Юртбошимиз: «Халқимиз, одамларимиз биздан рози бўлиб яшашсин?», – деб жон куйдириб улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошириб келаётган бир пайтда Боғдод тумани ҳокими ва прокурорининг қилаётган ишларини қаранг. Улар халқни рози қилиш ўрнига уларни норози қилишмоқда. Уларнинг ҳаракатларига юқори турувчи ҳокимият ва назорат органлари тегишлича ҳуқуқий баҳо беришар. Бизнинг фикримизча, уларнинг ҳаракатлари бузғунчиликдан бошқа нарса эмас. Ахир, ўсиб турган терак дарахтларини ёппасига мажбуран кестириб ташлашлик қишлоқларни ободонлаштириш эмас, чўлистонга айлантириш-ку!
Туман ҳокими прокурор билан бирга бундан 2–3 кун олдин қўшни бўлган Шўроқер МФЙни ҳудудида ҳам шундай номақбул ишларни содир этишган ва йўл бўйидаги ҳамда 2-сонли мактаб ҳудудидаги ўсаётган теракларни ҳам мажбуран кестириб юборган. Мен прокурор билан ҳокимга уларнинг бу ишлари ўзбошимчалик ва ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш эканлигини ва охири яхши бўлмаслигини айтиб уларни огоҳлантирдим. Ахир терак дарахтлари декоратив дарахтлар сирасига кириши билан бирга, улар ноёб қурилиш ашёси, халқ бойлиги ҳисобланади. Ўзбекистонда терак дарахтлари азал азалдан эъзозланиб келинади. Уларни Ўзбекистон рамзи деб ҳисобланса ҳам адашмаган бўласиз. Йўл четларига ариқлар, сойлар, дарёлар қирғоқларига экилган терак дарахтлари ўша атроф муҳитга қанчалик чирой бағишлаб туришлари кимга роҳат ва ғурур бахш этмайди дейсиз. Боғдод тумани ҳокими ва прокурори бундай гўзал туйғу ҳиссиётдан бебаҳра эканлар афсус.
Боғдод тумани ҳокими билан прокурорининг ноқонуний ҳаракатлари фақат шугина эмас, балки улар ўзларича ишбилармон, шоввоз, «ташаббускор» эканликларини ҳам намоён этишмоқда. Улар икковлон 2019 йил 5 март куни Майлавой МФЙга келишиб 33-сонли ўрта мактаб ҳовлисида йиғилиш ўтказишди. Соат 16:00 га белгиланган йиғилиш соат 17:00 да роппа-роса 1 соат кечикиб бошланди. Йиғилишда бор йўғи 29 киши қатнашди, бу қишлоқ аҳолисининг 2 фоизини ташкил этади, холос. Бу ҳолат ўз-ўзидан қишлоқ аҳолисининг умумий йиғилиши мақомига эга эмаслигини исбот қилиб турибди.
Бу йиғилишни МФЙ оқсоқоллар кенгашининг йиғилиши деб ҳам бўлмайди, чунки (17 нафар) Кенгаш аъзосидан фақат 7 нафаригина қатнашди, холос. Йиғилиш, билсак, қишлоқда қурилаётган 33-сонли мактабнинг янги биноси тўғрисида экан. Ҳоким ҳе йўқ, бе йўқ янги қурилаётган мактабнинг лойиҳа-смета ҳужжатларига мактабни ўраб турувчи девор ва ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари киритилмаганлиги, спорт зали умуман лойиҳалаштирилмаганлиги, шунинг учун янги мактабнинг деворини қуриш ва ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишларини қишлоқ аҳолиси ҳашар йўли билан ўзининг маблағига бажариши лизимлигини, бунга давлат маблағ ажратмаганлигини айтди ва МФЙ раиси Саминжонов Солижонга юзланиб унга бу ишларни бажарилиши юзасидан топшириқ берди. Оқсоқол ҳеч қандай эътирозсиз топшириқни қабул қилди. Кейин шу мактабнинг собиқ ўқитувчиси ҳозирда пенсионер Ҳошимова Лобархон опой сўз олиб, мактабда қанча вақт, мактабнинг эски биносида шароитнинг йўқлиги сабабли қанчалар қийналиб дарс бериб келганликлари, эски бинонинг ҳам кўп қисми қишлоқ аҳолиси ва ўқитувчилар жамоаси томонидан ҳашар йўли билан қурилганлигини, яъни мактаб учун деворни ҳашар йўли билан қуришга розилигини айтди. Кейин қишлоқ имоми Илҳом қори Бобоназаров сўз олиб, «Янги мактабда спорт зали қурилиши лойиҳаштирилмаган бўлса, спорт зални ҳам ҳашар йўли билан қурсак бўлади, мана қишлоғимиздаги қабристонга ҳашар йўли билан хонақоҳ, айвонлар қуриб, атрофига девор уриб, зовур ковлатиб кўкаламзорлаштириб қўйдик», – деб айтди. Бироқ у қабристонни обод қилиш учун қишлоқ аҳолиси 4–5 йилдан бери қандай қилиб ўз меҳнатлари ва оиласи бюджетидан пул ажратиб бериб фидокорлик кўрсатиб келишаётганликлари тўғрисида ҳамда бу ободонлаштиришга қанча маблағ сарфланганлиги тўғрисида лом-лим демади. Холбуки, амалдаги қонун талабларига кўра қишлоқ, шаҳар қабристонлари «Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш» идораси тасарруфида бўлиб барча ишлар ҳашар йўли билан эмас, маҳаллий давлат бюджетидан бажарилиши лозим эди.
Қишлоқ имомидан кейин қишлоқ оқсоқолининг акаси, оқсоқоллар кенгашининг аъзоси Саминжонов Йўлчибой сўз олиб имомнинг мактабга спортзал қирилишини ҳашар йўли билан бажарилиши ҳақидаги ташаббусига қўшилишини, чунки қишлоқ болалари ичидан спортнинг айрим турлари бўйича республика чемпионлари етишиб чиқаётганлигини ва уларга спортзал жуда зарур эканлигини айтди ва янги мактаб деворини ҳашар йўли билан қуришга рози эканлигини билдирди.
Кейин ҳоким ўзининг ташаббусини тасдиқлатиб олмоқчи бўлиб менга юзланиб: «Янги мактабнинг даворларини умумҳашар йўли билан қурамизми отахон, сиз бунга нима дейсиз?», – деб мурожаат этиб қолди. Шунда мен мактаб деворларини умумҳашар йўли билан қуриб бўлмаслигини, қишлоғимиз аҳолиси камбағал эканлигини, 60 фоиз одам ишсизлигини, кўпчилик ҳамқишлоқларимиз чет элларга чиқиб кетиб ишлаб, оиласини зўрға тебратиб келишаётганини, хотин-қизларимиз ва кўпчилик ўспирин ёшлар мардикор бўлиб ишлаб кун кўришаётганликларини, қишлоқда бирорта ҳам ўзига тўқ тадбиркор ишбилармон йўқлиги, бойроқ ўзига тузук ҳомий ҳам топилмаслигини, 5–6 та новвой, қассоб, дурадгор, ямоқчи, чилангар каби якка тартибдаги тадбиркорлар бўлса-да, улар мактаб деворини қурилишига ёки бошқа ишларини бажаришлик учун маблағ ажратишга қурбилари етмаслигини, қишлоқда битта агрофермер хўжалиги бор бўлиб, у халққа иш бериб боқиш ўрнига ўзи халққа боқиманда эканлигини очиқ айтдим ва «агар биз мактаб деворларини ва ободонлаштириш ишларини ҳашар йўли билан бажаришга ваъда берсак, ҳокимият ва прокуратура олдида уялиб қолишимиз мумкин», — дедим.
Кейин мен туман ҳокими ва прокурорига юзланиб «Янги мактаб биносини қурилишини буюртмачиси ким, қурувчиси қандай ташкилотки қандай сабабларга кўра мактаб деворлари, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш каби асосий ва ўта муҳим қурилиш ишларини бажариш киритилмаган чала лойиҳани танлаб, тасдиқлаб чала лойиҳа асосида қурилиш ишлари олиб борилаётганлигини» сўрадим. Юртбошимизнинг қурилиш ва лойиҳалаш ишларини янада такомиллаштиришга оид фармонларида ҳар қандай қурилиш ишлари ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш, кириш-чиқиш йўл, йўлаклари, электр, газ, сув таъминоти, канализация, тозалаш иншоотлари, иситиш-совутиш тизимлари, болалар ўйингоҳлари ва бошқа ҳаётий-зарурий қўшимча ва ёрдамчи қурилмаларини қуриш кўзда тутилган пухта лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида олиб борилиши аниқ-равшан белгилаб берилган. Нимага энди Майлавой қишлоғига қурилаётган янги мактаб биноси чала лойиҳа асосида қурилиши керак? Мен сизга яна шуни айтиб қўяй бундан 10–12 йил бурун эски мактаб бинолари капитал таъмирлашга лойиҳалаштирилган бўлиб, аслида жорий ремонт қилинди. Ўшандаям туман раҳбарлари топшириғига асосан мактаб деворларининг ярмидан кўпини қишлоқ аҳолиси ҳашар йўли билан қурган эдик. Бундан ташқари ҳозирги қурилаётган мактаб биносини эски мактаб биносининг иккита корпусини бузиб ўрнига қуриш лойиҳалаштирилган. Шундай бўлса-да, эски мактаб биноларини қурилиш ташкилоти бузмади, қишлоқ аҳолиси умумҳашар йўли билан бузди. Ваҳоланки, бузишга қуришдан кўпроқ меҳнат ва маблағ сарф қилинади, боз устига техника хавфсизлиги деган талаблар ҳам бор. Мактаб биносини умумҳашар йўли билан бузиб берсак, деворларини уриб, ободлаштириш ишларини бажариб берсак, қурилиш ташкилоти нима иш қилади ўзи?! — деб айтдим.
Айтмоқчи эмас эдиму, кези келганда айтиб қўяй, мана бу ерда ҳурматли прокурор ўтирибди, мен расман гапиряпман. Ёпилиб кетган қишлоқ боғчаси, яқинда янгидан очилди. Боғча биноси ўтган асрнинг 60 йиллари собиқ «Москва» совхози томонидан ўша давр андазаси асосида қишлоғимизнинг усталари томонидан қурилган бўлиб 2–3 хона ва очиқ айвондан иборат. Бино эскириб кетган, авариявий ҳолатда десак ҳам янглишмаймиз. Бинони ҳам апил-тапил, шошма-шошарлик билан ҳашар йўли билан таъмирладик, буни қаранг, янги очилаётган боғчага керакли инвенторлар ва бошқа ашғол-дашғол олиш учун ҳар бир хўжаликдан 2 минг сўмдан пул йиғиб олишди. Бундан ташқари, пенсионер собиқ ўқитувчи Ҳошимова Лобархон опой 100 та қошиқ, I-гуруҳ меҳнат ногирони Исмоилов Эркинжон бир нечта пиёла, бошқа фуқаролар қозон-товоқ олиб беришди.
Давлатимиз томонидан мактабгача таълим муассасалари учун алоҳида вазирлик ташкил қилиниб, соҳани таркиб топтириш, ташкил қилиш, ривожлантириш учун миллиардлаб маблағ ажратаётган ҳозирги бир пайтда, нега Майлавой болалар боғчасини ҳам ҳашар йўли билан бунёд қилиш керак!?
Мен яна бир нарсани рўй-рост айтиб қўяй шу ерда. Боғчага инвентор олиш учун 2 минг сўмдан пул йиғилган пайтда кузатув камераси учун деб 3 минг сўмдан пул йиғилди. Кўпчилик ҳайрон, бу кузатув камерасини қишлоқнинг қаерига ўрнатишар экан. Қишлоғимиз криминоген зона бўлмаса, жиноятчилик ва тартибузарликлар содир этилмаётган бўлса, нима мақсадда ўрнатишар экан. Боз устига қишлоқда 5 та маҳалла бор, битта кузатув камераси 5 маҳаллани қамраб ололмаса керак. Балким янги чиққан ўзи учиб юрадигон робот камера сотиб олишармикан, яна билмадик! Агар учиб юрадигон камера бўлса 3–5 минг сўмдан йиғилган пулга сотиб олиб бўлмасов?! Айтмоқчи, кузатув камераси ҳойнаҳой электр энергиясида ишласа керак. Бунинг учун узлуксиз электр энергияси зарур бўлади. Майлавой қишлоғида эса электр энергияси гоҳида бўлиб, гоҳида бўлмайди. «Свет»нинг бўлиш-бўлмаслиги «Райэлектросет» ташкилотининг шоввоз ходимларига боғлиқ. Улар электр энергиясини ўзлари хоҳлаган пайтларида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз номаълум муддатгача узиб қўйиша беради. Айниқса декабрь, январь, февраль ойлари бир суткасида 8–9 соат «свет» бўлди, қолган вақтларда «свет» йўқ. «Свет»ни атайлаб эрталаб ва кечқурун 6 дан 8 гача ўчиришгани ёмон, эрталаб болалар мактабга, боғчага одамлар ишга кетишлари пайтлари, кечқурун эса ишдан қайтиб кечки овқат тайёрлаш учун сюрприз. Газ йўқ, «свет» йўқ вақтда яшаш фароғатини кўринг.
Илгарилари аҳолининг «свет»дан қарздорлиги кўп, шунинг учун ўчиряпмиз дейишарди. Ҳозирги пайтда Мажбурий Ижро ёқилмаган «свет» учун олдидан мажбурий пул ундириб олишаётган бир пайтда электр энергияни нима сабабдан ўчиришади билиб бўмайди. Бундай бузғунчилик қачон барҳам топади Тангрининг ўзи билади.
Терак дарахтларини ноқонуний кесиб юборилганлик воқеаси юзасидан қўшимча ахборот. Мен бу ҳолатга туман экологлари қандай муносабат билдиришликларини билиш учун уларнинг ҳузурига бордим. Бу ташкилотнинг номи ҳам ўзларига монанд равишда жуда нуфузли бўлиб Фарғона вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Боғдод туманига бириктирилган давлат инспекцияси деб аталар экан. Мени ушбу инспекцияни инспектори Маҳкамов Хондамир қабул қилди. Мен у зотга туман ҳокими ва прокурорининг ўзбошимчалик билан аҳолининг хусусий мулки бўлган ўсиб турган навқирон ва ёш ниҳол теракларни мажбурий кестириб ташлаб экологияга зарар етказишаётганларини айтиб бердим ва уларни яъни инспекцияни бунга муносабати қандайлигини ҳамда терак дарахтларини мажбурий кестириш учун юқоридан кўрсатма ёки топшириқ бор-йўқлигини сўрадим.
Инспектор менга ҳақиқатан ҳам туман ҳокими прокурор билан бирга жойларга чиқишиб туманни ободонлаштириш мақсадида йўл чеккасидаги теракларни кестириб ташлаётганлигидан хабардор эканликларини, лекин теракларни ёппасига кестиришга юқоридан топшириқ ёки кўрсатма йўқлигини, бу ҳақда қарор ёки фармон ҳам чиқмаганлигини, туман раҳбарлари кестириб ташланган тераклар ўрнига арча ёки бошқа мевали дарахтлар эктиришни режалаштирганини айтди ва туман раҳбарларининг ҳаракатлари қонунга хилоф эмаслигини, чунки терак ва мевали дарахтларни кесиш учун экологиядан рухсат талаб қилинмаслигини баён қилди. Мен инспектордан агар имкони бўлса, ўша қонундан кўчирма кўчириб беришини илтимос қилдим. Инспектор олдин йўқ деб тихирлик қилмоқчи бўлди, кейин мен авзойимни кўриб мардлик қилиб қонундан кўчирма кўчириб берди. Мана ўша қонунда кўчирма: «2016 йил 21 сентябрь янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 45-моддаси 5-бандига асосан «Ёғоч олиш ва мевалар етиштириш учун махсус экилган, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлган дарахтлар ва буталарни (терак ва бошқа тез ўсадиган турлари, тутзорлар, мевали дарахтлар ва буталар) кесиш учун рухсатнома талаб этилмайди». Бу қонунни мулоҳаза қилиб шарҳласангиз қонун фақат дарахтларни экиб парваришлаган эгаси мулкдан фойдаланиши, мулкини тасарруф этишига доир ҳуқуқларни амалга оширишини таъминлашни кўзда тутганлигини, яъни дарахтнинг эгаси ўз дарахтини хоҳлаган пайтида кесиб ундан фойдаланиши мумкинлигини, бунинг учун ҳеч кимдан рухсат олиш шарт эмаслигини таъмин этган. Туман ҳокими ва прокурори эса ўзгаларнинг мулки бўлган дарахтларни ўзбошимчалик билан мажбурий, ёппасига ғайриқонуний равишда кестириб ташлаб мулкдорга ва табиатга, экологияга ва атроф муҳитга кўп миқдорда зарар етказмоқда. Уларнинг яъни туман ҳокими ва прокурорининг ғайриқонуний ҳаракатларида Ўзбекистон МЖТКнинг 200-моддасидаги — ўЗбошимчалик; 79-моддасидаги — Дарахтларни, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш; ЖКнинг 198-моддаси 2-қисмидаги – Ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, — деган жавобгарликларни таркиби мавжуд эканлигини, уларнинг ушбу қонунбузарлик ҳаракатларини исботлаб тегишли чора кўриш юқоридаги нуфузли ташкилотга юклатилганлигини наҳотки инспектор Маҳкамов Хондамир билмаса?! Яна билмадик, туман прокурори таъкидлаганидек биз оддий фуқаро бўлсак.
Оддий фуқаро ҳақ-ҳуқуқлари фақат Конституциядагина эмас ҳаётда, амалда ҳам таъмин этилиши лозим. Шунинг учун биз ҳақиқий демократик, ҳуқуқий қонун устувор бўлган адолатли, фуқаровий давлат қурмоқдамиз.
Биз Боғдод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Турсунов Алибек ва туман прокурори Назаров Мирзабедилларнинг ғайриқонуний ҳаракатларига холисона ҳуқуқий баҳо берилишини ва содир этилган қонунбузарликлар оқибатида юзага келган салбий ҳолатларни бартараф этилишига умид қиламиз.
Боғдод тумани, Майлавой МФЙ Оқсоқоллар кенгаш аъзоси Ҳошимов Қаҳҳоржон
Ушбу ахборотни мен 2019 йил 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг pm.gov.uz веб-сайти орқали расмий шикоят аризаси тариқасида юборган эдим. У ерда мени шикоят аризамни 24625-с/19 рақами билан қабул қилиб олишганлигини маълум қилишди. Орадан 7 кун ўтгач, яъни 2019 йил 30 март куни менга Элёр исмли шахс телефон қилиб ўзини Фарғона вилояти Прокуратурасининг бўлим прокурори эканлигини, мени Ўзбекистон Республикаси Президенти веб-сайтига ёзган шикоятимни текшириш учун вилоят прокуратурасига юборилганлигини, шунинг учун ариза юзасидан вилоят прокуратурасига келиб тушунтириш беришим лозимлиги айтди. Шунга кўра мен 2019 йил 2 апрель куни вилоят прокуратурасига бориб Элёр Исомиддинов билан учрашдим ва унинг талабига асосан шикоят аризаси бўйича тушунтириш хати ёзиб бердим ва мен унга мени тушунтириш хатим билан масала ҳал бўлмаслигини, шикоятимни воқеа жойига чиқиб ишчи гуруҳ иштирокида Маҳалла фуқаролари йиғини кенгаши аъзоларининг ҳамда тераклари ноқонуний кесиб ташланган фуқароларнинг иштирокида текшириб ҳал қилишлигини ва текшириш натижаси бўйича айбдор шахсларга қонуний чора кўришлигини, акс ҳолда мен интернет тармоқлари орқали чиқиш қилишимни айтдим. Элёр Исомиддинов менга албатта мен айтганимдек текшириб ҳал қилишлигини баён қилди. Бироқ орадан 4 кун ўтгач, яъни 6 апрель куни кеч соат 18:40 да уйимизга 2 нафар ёш йигит келишиб Боғдод тумани ҳокимиятидан келишганликларини, мени Президент қабулхонасига ёзган шикоятим бўйича мен билан суҳбатлашиш учун келишганликларини айтишди. Мен уларга исм ва фамилияларини ва қаерда қандай лавозимда ишлашларини сўрадим. Шунда улардан бири ўзини Умирзоқов Хусанжон Ботиржон ўғли эканлигини, Боғдод туман ҳокимиятида қурилиш бўлими мутахассиси эканлигини айтди. Мен қанақа мутахассис эканлигини сўрадим. Шунда у шеригига: «Юринг кетдик, бу масалани биз ҳал қила олмас эканмиз!» – деб шеригини бошлаб чиқиб кетди. Шериги менга «Туманимиз бўйича тераклар ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан кесиляпти, шикоятингиз нотўғри», — деб айтиб кетди.Шундан кейин ҳеч қандай текшириш-пекшириш ўтказилмади. Орадан 4 кун ўтгандан кейин, яъни 2019 йил 10 апрель куни 2019 йил 8 апрель кунги №6-рақам билан рўйхатдан ўтказилган Боғдод тумани ҳокими А.Турсунов имзоси билан мени мурожаатимни кўриб чиқиш учун муддат 5 кунга узайтирилганлиги ҳақида билдирги келди.
Кейин эса яна туман ҳокими А.Турсуновнинг имзоси билан 2019 йил 15 апрель куни 10-сон билан рўйхатга олинган аризамни ҳал қилиш учун Президентнинг қабулхонасидан қўшимча муддат сўралганлиги маълум қилинган яна битта билдирги 2019 йил 17 апрель куни келди. Шу билан яна жим-жит. Ҳеч қандай текшириш ўтказилгани йўқ.
Бу ерда муҳим масала кўтарилган бўлиб менинг мурожаатномамда туман ҳокими А.Турсунов ва туман прокурори М.Назаровларнинг амалдаги қонун талабларига зид бўлган ҳаракаталари устидан текшириш ўтказилиб уларга қонуний жазо чоралари қўлланилиши талаб қилинган бир пайтда шикоят аризам Фарғона вилояти прокуратураси томонидан текширилиши лозим бўлган бир пайтда аризани текшириб ҳал қилиш учун текширилиши лозим бўлган шахснинг ўзига юборилган. Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва Юридик шахсларининг мурожаатларини ҳал қилиш тартиби тўғрисида»ги қонун талабига асосан эса аризани ҳал қилиш учун устидан шикоят қилинган ташкилотга (раҳбар) юборилишлик қатъиян ман қилинган. Наҳотки қонунларни бажарилиши устидан назорат олиб борувчи вилоят прокуратурасининг масъул ходимлари бу талабни билишмаса!?
Йўқ, улар қонуннинг бу талабини билишади, лекин қасддан бузиб туман ҳокимига жўнатган. Боз устига шикоят фақат туман ҳокими устидангина эмас, балки туман прокурори устидан ҳам ёзилган бир пайтда туман ҳокими ўз айби ва прокурорнинг айбини қандай қилиб, қайси асосларда текшириб ҳал қилиши мумкин!?
Фарғона вилояти прокуратураси ходимлари ўз билганича янги қонун ихтиро қилиб олишганми, яна билмадим.
Ахборот берувчи: Ҳошимов Қаҳҳоржон Қодирович 1942 йил 1 майда туғилган, маълумоти олий ҳуқуқшунос, Фарғона вилояти Боғдод тумани Майлавой МФЙ Ёшлик 30 да яшайди, пенсионер, муқаддам судланмаган.
Изоҳ (0)