22 апрель куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида республикадаги ахборот-кутубхона муассасалар фаолияти ривожида дунё тажрибасини ўрганишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир 24-26 апрель кунлари Хоразм вилоятида ўтказиладиган «Central Аsia – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XIII Халқаро анжумани доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари, ҳамкор давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди. Унда Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро анжуманнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.
«Халқаро анжуман моҳияти Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ғоясига ҳамоҳангдир, – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими раҳбари V.Ҳамидов. – Фан, таълим, маданият, бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни қўллаш ва бунда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини кенгайтириш лозим. Шу нуқтайи назардан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излаш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этади».
Тошкент шаҳар «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова, Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори З.Бердиева 400 дан зиёд мутахассис қатнашадиган ушбу Халқаро тадбирнинг тажриба алмашиш учун катта майдон бўлиши, республика миқёсида соҳа ривожига амалий таъсир кўрсатишини эътироф этди.
«Бу йилги конференцияда 10 та хорижий давлатдан 26 нафар эксперт иштироки кутилмоқда, – деди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Маҳаллий мутахассислардан 80 дан зиёд мақола келиб тушди. Улар конференция дастури ва илмий тўпламдан ўрин олади. Тадбир доирасида республикамизда ахборот-кутубхона муассасаларининг бугунги кундаги ҳолати, соҳада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил қилиниб, тажрибалар тингланади, истиқболдаги режалар белгилаб олинади».
«Central Аsiа – 2019: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» Халқаро анжуманида китоб ва китобхонлик, Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси, UzNEL дастурининг ишлаш жараёни, МДҲ ва хорижий давлатлар йирик кутубхоналари билан алоқаларга алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилган.
Тадбир якунида АҚШ Орегон штати Портленд шаҳри кутубхона жамғармаси ижрочи директори Меррис Сумралл, Қозоғистон Миллий кутубхонаси Нодир китоблар ва қўлёзмалар хизмати раҳбари Толкин Замзаевалар билан истиқболдаги ҳамкорлик режалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)