2019 йилнинг 27 январь куни фуқаро Р.Тўраев «Ваз-21093» русумли автомашинада йўлнинг нариги томонига ҳаракатланиб ўтаётган пиёда О.Кенжаевни автомашина олд қисми билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди раиси «Дарё»га маълум қилди.
Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, О.Кенжаев олган тан жароҳатлари туфайли Дўстлик тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ўтказилган суд тиббий экспертизасининг 2019 йилнинг 4 февралдаги хулосасига кўра, О.Кенжаевнинг олган тан жароҳати «Ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлар» деб баҳоланиб, унинг ўлимига олиб келган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман суди Р.Тўраевни ЖК 266-моддасининг 2-қисми билан айбли топиб, унга нисбатан икки йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш, ҳар ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган.
Изоҳ (0)