Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

«Дарё» таҳририятига Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани «Бобур» маҳалласида яшовчи Абдураззоқ Каракулов томонидан мурожаат келиб тушди.

Унинг гапига қараганда, «2018 йил апрель ойида туман ҳокими Зиёдулла Давлатовнинг топшириғига асосан, туман ҳокими ўринбосари Жавли Шопўлатов ва туман прокурори Ислом Хўжамуродовлар мурожаатчи савдо қилиб турган Какайди қўрғони марказида жойлашган тижорат дўкони ва деҳқон бозорини «Бу ерда жоме масжиди қурилади», — деб зўровонлик билан буздириб ташлаган.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

— Дўконим бузилгандан сўнг кўп мурожаатлар қилдим, лекин инобатга олинмади. Кейин Ўзбекистон савдо саноат палатаси Сурхондарё бошқармаси орқали фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъво киритдим. Даъвода мени ишим Қўмқурғон туман прокурори, Жарқўрғон тумани архитекторлари ва ҳокимлик юристи иштирокида кўрилиб, менинг фойдамга ҳал қилинди. Жарқўрғон ҳокимлигидан етказилган зарар учун 27 843 191 сўм миқдорида компенсация пули ундирилиши айтилди. Юрист агар ҳокимлик балансида пул етарли бўлмаган тақдирда ҳам, вилоят ҳокимлигидан олиб беришини ваъда берди. Орадан қанча вақт ўтди. Аммо ваъда ваъдалигича қолди,» — дейди тадбиркор биз билан суҳбатда.

Дарҳақиқат, биздаги ҳужжатларга қараганда, 2019 йил 21 январда фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судида даъвогар А.Каракуловнинг кўчмас мулки деб тан олинган ер учаскасининг олиб қўйилиши ва етказилган зарар учун компенсация ундиришини сўраган. Лекин жавобгар Жарқўрғон туман ҳокимлиги ишончли вакили Б.Жураев суд мажлисида даъвони тан олмасдан, Сурхондарё вилоят ҳокимининг 2018 йил 7 апрелдаги ҳамда туман ҳокимининг 2018 йил 9 апрелдаги қарорлари кўра, тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган қишлоқ аҳоли пунктлари хатловдан ўтказилган, аммо даъвогарга тегишли бино бузилиши бўйича туман ҳокимлиги томонидан қарор чиқарилмаганлиги ҳамда туман ҳокимининг 2018 йилдаги 1 декабрдаги Қ-2309-сонли қарори билан даъвогар А.Каракуловга савдо дўкони қурилиши учун туманнинг «Нефтчилар» маҳалласи ҳудудидан 70,0 кв.км ер майдони ажратилганлигини билдириб, даъвони рад қилишини сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг 2019 йилнинг 21 январда чиқарилган ҳал қилув қарори кўра, Абдураззоқ Каракуловнинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, ҳисобига жавобгар туман ҳокимлиги ҳисобидан 27 843 191 сўм миқдорида компенсация тўлови ва 1 113 727 сўм миқдорида давлат божи ундирилиши айтилган.

— «Тинмай мурожаат қилаверганимдан сўнг, марказ ташқарисидан менга қуруқ ер берди, аммо жойнинг ҳам ўзига яраша тўловлари бор экан. Архитектура-режалаштириш топшириғи ташкилоти рухсат бермагунича ер меники ҳисобланмас экан. Шунинг учун бориб у ерда ҳеч нарса қилолмайман. Ер менинг номимга расман ўтказилган тақдирда ҳам яна у ерда дўкон қуришим учун пул керак. Туман ҳокими эса суд қарорини тан олмай, компенсация пулимни бермаяпти. Ҳар сафар ҳокимликка борганимда эрта-индин деган жавобни эшитаман.

Уйда олти фарзандим билан ишсиз қолганман. Қаерга боришни, нима қилишни билмаяпман. Бу ёқда «Микрокредит» банкдан 20 миллион сўм кредит олгандим. Ҳар ойда фоизини сўраб уйимга келишади. Тезроқ ўз ишимни бошламасам бўлмайди. Ҳатто, Мажбурий ижро бюроси ҳам пулларимни ҳокимдан ундириб беролмаяпти.

Бундан ташқари, мен каби 26 та тадбиркорнинг ҳам дўкони бузилган. Судлашганим учун ҳокимликдан менга қуруқ ер бўлса ҳам берилди, лекин улар ҳеч нарсасиз қолишди. Суд божини тўлай олмаслиги учун улар судга беришолмаяпти. Юқорида исми келтирилган раҳбарларни деб юзлаб одамлар ишсиз бўлиб, қора қозони қайнамай қолди, туманимиз ҳокими З.Давлатов биздан нима хоҳлаяпти ҳеч билолмаяпмиз», — дейди мурожаатида А.Каракулов.

Тадбиркор А.Каракуловнинг суд қарорида белгиланган 27 843 191 сўм миқдорида компенсация тўлови туман ҳокимлигидан қачон ундириб берилади?

Бу борада мутасаддилардан тегишли жавобни кутиб қоламиз.

«Дарё» бу мавзуга яна қайтади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар