Пойтахтдаги Wyndham Tashkent меҳмонхонасида «Ўзбекистонда яйловлардан барқарор фойдаланиш ва ривожлантириш истиқболлари» мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, соҳа мутахассислари, экспертлар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистондаги мавжуд ер майдонларининг бугунги ҳолати ва ундан фойдаланиш истиқболлари, бу йўналишдаги хорижий мамлакатлар тажрибаси бўйича маълумот берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси тайёрлаган «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтилди.
Республиканинг ер ресурслари 44,8 миллион гектар бўлиб, 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, яйловлар ва пичанзорлар 21,1 миллион гектарни ташкил этмоқда. Айни пайтда мазкур ҳудудларда 2,5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилаёган бўлиб, улар чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланади. Аммо узоқ вақт табиий ўзгаришлар, озуқа экинларининг етишмаслиги, сув манбаларининг йўқлиги ва бошқа сабаблар натижасида ушбу яйловлардан фойдаланилмай, қаровсиз қолди. Сўнгги 35-40 йилда чорвачиликда яйловлардан меъёридан ортиқ фойдаланиш, молларни тартибсиз боқиш ва бошқа антропоген таъсирлар чорва озуқаси ҳажмининг йўқолишига олиб келди.
«Шу каби омилларни тизимли равишда ўрганиш мақсадида ҳудудларда геоботаник тадқиқотлар ўтказилмоқда. Жумладан, Бухоро вилоятидаги 2 миллион 100 минг гектар яйлов таҳлил қилинганда, деградацияга учраган 273 минг гектар ер мавжудлиги аниқланди. Бунинг сабаблари чорва моллари 1990 йилда 767 минг 597 бошдан жорий йилда 1,5 баробарга кўпайган. Шу вақт давомида фойдаланилган 586 та қудуқнинг 248 таси яроқсиз ҳолатга келган. Вилоятдаги мавжуд 95 та яйлов ўсимлигининг 56 таси озуқабоп бўлиб, қолгани доривор ва зарарлидир. Ўрганишларимиз давомида бу ерлардаги ҳолатни яхшилаш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқдик. Биринчи навбатда, деградацияга учраган ер майдонларига озуқабоп ўсимликлар уруғини экиш, чорва молларини алмашлаб боқиш тизимини йўлга қўйиш зарур», – дейди «Ўздаверлойиҳа» давлат илмий лойиҳалаш институти бош директори Руҳиддин Жўраев.
Анжуманда қонун лойиҳаси билан яйловлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг яйловлардан фойдаланиш, муҳофаза қилишни таъминлашдаги иштирокини тартибга солиш кўзда тутилгани хусусида ахборот берилди.
Изоҳ (0)