Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган «Ахборот хизматлари фаолиятига оид назарий ва амалий аспектлар» мавзусида икки кунлик ўқув-семинари ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унда сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Авазбек Ходжиметов 159 давлат ташкилоти, 119 идоранинг (74 фоиз) расмий веб сайтида хабарлар тизимли янгиланиб борилиши, аммо 40 тасида янгиликлар ўз вақтида берилмаётганини таъкидлаган.
Бундан ташқари, 178 давлат идораси, 81 ташкилотнинг Telegram расмий канали мавжуд эмас, борларининг ҳам фаолияти тизимли йўлга қўйилмаган.
«Айрим сайтларда миллий менталитетимизга ёт ҳавола ва гиперҳаволалар жойлаштирилган. Сайтда очиб қўйилган форумларнинг назорат қилиб борилмаслиги натижасида, фойдаланувчилар томонидан ҳар хил эълонлар, видеолар қўйиб юборилади», — дейилади хабарда.
Хабарда қайд этилишича, агентлик томонидан бу борада тегишли чоралар кўрилмоқда.
Изоҳ (0)