Интернет тармоғида патруль пост хизмати ходимларининг кўча тозаловчи бўлиб ишлайдиган 57 ёшли Баҳтиёр Маметовни муайян яшаш жойи бўлмаган шахс деб атаб, дўппослагани ҳақида хабар тарқалди. ИИВ матбуот хизмати бу хабарнинг ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.
Қайд этилишича, 9 апрель куни ИИБга Яшнобод туманининг Авиасозлар 4-мавзесида жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушган. Унда фуқаро хонадонини маст ҳолдаги нотаниш эркак тақиллатаётгани айтган. Воқеа жойига етиб келган профилактика инспектори ва Патруль пост хизмати ходимлари ўзини Баҳтиёр Маметов деб таништирган эркакни кўрган.
Ушбу шахс жамоат жойларида спиртли ичимликлар ичгани ва жамоат тартибини бузгани учун аввалроқ бир неча марта Ички ишлар органларига келтирилган.
Баҳтиёр Маметов аллақачон сотиб юборилган Мирзо Улуғбек туманидаги уйда рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳозирда унинг муайян яшаш жойи йўқ ва ҳеч қаерда ишламайди. Шу сабабли Ички ишлар ходимлари унга Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига жойлаштиришни таклиф қилган. Бироқ у бу таклифни қатъий рад этган.
Баҳтиёр Маметовдан юзидаги ғурралар ҳақида сўралганида, у шишларнинг қандай пайдо бўлганлигини эслай олмаслигини, эҳтимол ўзи билан бирга ичган бошқа одамлар билан жанжаллашиши оқибатида келиб чиққанини айтган.
Изоҳ (0)