Россиянинг Криуша қишлоғида яшовчи 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси 3 нафар фарзандининг онасини ўлдиришда айбланди. Ҳозирда унинг иши юзасидан суд жараёни бошланган. Бу ҳақда «Вести Воронеж» хабар берди.
Маҳаллий ОАВнинг ёритишича, воқеа 10 декабрь куни тонгда содир бўлган. Ўша куни маст эркак ва у билан бирга яшайдиган аёл жанжаллашган. Кейин аёл 3 нафар ўғли билан қўшнисиникига чиққан. Ғазабланган эркак аёлнинг ортидан Октябрская кўчасидаги уйга борган ва қонуний хотинидан ортига қайтишини талаб қилган. Аёл рози бўлмагач, эри унинг бошига, елкасига ва юзига қаттиқ уриб, тепа бошлаган.
Аёл ҳушини йўқотиб, ўзини ташлаб юборгандан кейин эркак уни уришдан тўхтаган. Воқеага гувоҳ бўлган қўшниси тез ёрдам чақирган. Лекин етиб келган шифокорлар ҳеч нарса қила олмаган — аёлнинг жони узилган эди.
1,5 ёшдан 9 ёшгача бўлган болалар онасиз қолган.
Ушбу воқеадан кейин дарҳол эркак қўлга олинган. Маълум бўлишича, у доимий равишда меъёридан ортиқ спиртли ичимлик ичган. Терговчилар унинг ҳибсга олинишини талаб қилган, чунки у Ўзбекистон фуқароси ва Россияда яшаш қоидаларини бузган. Дастлабки тергов давомида уч фарзанднинг отаси айбдор деб топилган. Ҳозирги пайтда инсон ўлимига сабаб бўлувчи оғир тан жароҳати бўйича жиноят иши суд томонидан кўриб чиқилмоқда.
Изоҳ (0)