Республика илмий-амалий тиббий марказлари етакчи шифокорлари билан аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида шу нарса аён бўлдики, қишлоқ жойларда аксарият аҳоли томонидан шахсий гигиена, соғлом овқатланиш қоидаларига деярли риоя қилинмайди, деб маълумот беради Zarnews.
Оқибатда аҳоли ўртасида овқат ҳазм қилиш касаллиги, қонда етарли моддалар етишмаслиги, эндокрин касалликлари кўпайган. Бунинг сабаби, аҳолининг аксарияти кечки овқатни соат 20:00-21:00 ларда истеъмол қилади ва бу оғир асоратларни келтириб чиқаради. Фаол жисмоний меҳнат билан машғул кишиларда овқат ҳазм бўлиш жараёни осонроқ кечиши мумкин, аммо кексалар, болалар ва аёлларда оғир кечади. Кўп ҳолларда кечки пайт овқатдан бир соат вақт ўтар-ўтмасдан ухлайди.
Шунинг учун, ишчи гуруҳ таркибидаги шифокорлар, мутахассислар аҳолига соғлом турмуш тарзининг асосий омили бўлган соғлом овқатланиш тартибини тушунтиришга ҳаракат қилади.
Паяриқ ва Оқдарё туманларида айрим кишиларда аниқланган бирламчи касалликларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилди, жиддий касали бор беморларга вилоят ва республика тиббиёт марказларида даволаниш тавсия этилиб, амалий ёрдам кўрсатилди.
Яна бир муаммо – аҳоли ўртасида тиббий-ҳуқуқий маданиятнинг ривожланмаганлигидир. Айрим беморлар ўн икки бармоқли ичакдаги яра ёки сурункали гепатит асорати билан ҳам ногиронлик гуруҳига чиқишга уриняпти. Бундай вазиятда ногиронлик гуруҳи тайинлаш билан беморнинг ҳолати яхшиланмайди. Улар реабилитация шароитида даволаниш йўлларини кўриши лозим. Бунда оилавий поликлиниканинг умумий амалиёт шифокори билан индивидуал иш олиб борилса, янаям самарали бўлади.
Равшан ИСOҚОВ,
Самарқанд шаҳар 60-ТМЕК раиси,
эксперт-шифокор.
Изоҳ (0)