Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги корхоналарининг техникалар харид қилиши давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Бу Президентнинг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:
Маҳаллий ғалла ўриш ва пахта териш техникаларини етказиб беришни молиялаштириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 50 фоизидан ошмаган фоиз ставкаси бўйича ва қайтарилиш муддати харажатлар қопланиши муддатига қараб 7 йилдан 10 йилгача бўлган қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади;
қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхоналарнинг ғалла ўриш ва пахта териш техникасидан ташқари, республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит ва лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ва лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизлик пункти миқдорида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Бунда фоиз харажатларини қоплашнинг ушбу миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўзгаришига қараб Молия вазирлиги томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Молия вазирлиги:
2019 йилда эксперимент тариқасида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб беришни таъминлайди;
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пахта териш машиналари хизматига ҳақ тўлаш харажатларини қоплаб бериш бўйича эксперимент натижалари асосида 2019 йил 1 декабрга қадар ушбу амалиётни мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этиш юзасидан асослантирилган таклифлар киритади.