Шавкат Мирзиёев раислигида 2019 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда биринчи ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичлар бажарилишини таъминлаш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Йиғилишда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чоралар муҳокама қилинди. Бу борада иккинчи чоракда ўтган чоракка нисбатан 1,1 миллиард долларга кўп экспортни амалга ошириш вазифаси турганлиги таъкидланди.
Жумладан, апрель—июнь ойларида ҳокимликлар биринчи чоракка нисбатан 3 баробар кўп мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини таъминлаши зарур, деб таъкидлади Президент.
Давлат раҳбари бу борада айрим соҳа ва тармоқ мутасаддилар ва ҳудуд раҳбарларини мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани учун кескин танқид қилди.
Экспорт қилинаётган товарларни божхонада расмийлаштириш, товарлар учун назорат идораларидан рухсат олишни соддалаштириш бўйича қатор вазифалар турибди. Мисол учун, мамлакатда экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш 96 соат вақт олса, хорижда бунга 12 соату 20 дақиқа кетади, холос.
Экспорт учун рухсатномалар беришда «Ягона дарча» тизими тўлиқ ишга тушмагани оқибатида тадбиркорлар ўз маҳсулотини экспорт қилишга руҳсат олиш учун камида 10 та идорага бориши лозим.
Шу сабабли Вазирлар Маҳкамасига экспорт-импорт операцияларига руҳсат берувчи идораларни жалб қилган ҳолда ташқи фаолият билан боғлиқ давлат хизматларини қамраб олувчи «Ягона дарча» тизимини жорий этиш топширилди.
Давлат божхона қўмитасига яппи пишиқчилик даврида божхона постларининг ўтказувчанлигини ошириш ва тирбандликка йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилди.
Президент экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ижросини тўлиқ таъминлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Бу борада экспорт бозорларида мамлакат ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Қибрай, Паркент, Олтиариқ туманлари ва Қувасой шаҳрида ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш зарур.
Шунингдек, «Ўздавкарантин» инспекциясига гилос, ўрик, олча каби бозори чаққон меваларни хорижий бозорларга фаол кириб боришини таъминлаш мақсадида, чет эл карантин хизматлари билан ўзаро муҳокамалар ўтказиб, экспортчилар учун қулай шароитларни яратиш чораларини кўриш топширилди.
Транспорт-логистика ҳаражатларининг юқорилиги мамлакат экспорт саолҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди. Ушбу масалани ечими йўлида биринчи қадам сифатида жорий йил февраль ойида мамлакатга импорт қилинадиган вагонлар божхона божларидан озод қилинди.
Бу борада Транспорт вазирлигига мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда темир йўл транспортининг имкониятларидан кенг фойдаланиш, «ягона дарча» тамойили асосида соддалаштирилган механизмни жорий этиш юкланди.
Бундан ташқари, юк транспорти паркини кескин ошириш учун ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган транспорт воситаларини сотиб олиш учун кредитлаш тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритишга топшириқ берилди.