Тошкентда 26—30 март кунлари бўлиб ўтган Uzbekistan fashion wееk мода ҳафталигининг илк кунида ўтказилган Ikat намойишида ўзбек ва хорижий дизайнерлар ўзларининг ушбу матодан фойдаланган ҳолда яратган либосларини тақдим этди. Бу ҳақда «Myday.uz» хабар берди.
Ikat намойиши бутун республикани қамраб олди десак муболаға бўлмайди. Ўз либослар коллекцияси билан иштирок этган дизайнерлар Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан ташриф буюрган бўлиб, ҳар бири ўз вилоятига хос бўлган хусусиятларни инобатга олиб либослар тўплами яратган.
Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар хорижий дизайнерларнинг ҳам Ikat матосидан яратган бетакрор либосларига гувоҳ бўлган.
ANOR, КАМILA МI ўзбек брендлари, шунингдек, Назгул Каарова (Қирғизистон), Мурод Бобоқулов (Тожикистон), Жозефин Вон Клитзинг (Франция) ва бошқаларнинг либослар тўпламлари мода ихлосмандларини ўзига мафтун қилган.
Таниқли ўзбек дизайнери Шаҳзода Муҳаммедова ҳам мазкур намойишда ўзининг иккита либослар тўплами билан қатнашган. Биринчиси оқ-қора ранглардан фойдаланган ҳолда, миллий матолардан яратилган «Дўппи» коллекцияси бўлиб, дизайнер ўтган йили мазкур тўплами учун Москвада бўлиб ўтган мода фестивалида ғолиб бўлган.
Иккинчи коллекция яқиндагина Москвада бўлиб ўтган Халқаро мода фестивали учун яратилган либослар тўпламидир. Мазкур тўпламда дизайнер атлас матосидан устки кийим-бош яратган бўлиб, уларга мос равишда ўзбек аждодлари сурати туширилган свитшотлар ҳам тикилган. Қайд этиш жоиз, айнан шу тўплами билан дизайнер Халқаро мода фестивалида ғолибликни қўлга киритган.
Изоҳ (0)