2019 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-иқтисодий, соғлиқни сақлаш, жамоатчилик назоратини таъминлаш соҳаларидаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди. Биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур қонун лойиҳасида гўдакларни она сути билан боқишни тарғиб этиш, шунингдек, болалар озиқ-овқат маҳсулотларига нисбатан қўйиладиган талаблар, уларга риоя этиш чора-тадбирлари, сертификатлаш масаласи ҳамда ушбу соҳада тиббиёт ходимларининг ўрни ва вазифалари белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, мазкур соҳани давлат томонидан тартибга солиш, унда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фуқароларнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари ҳам аниқлаштирилмоқда.
Энг муҳими, қонун лойиҳасида гўдаклар, кичик ёшдаги болалар билан бирга оналар бўлиши мумкин бўлган тиббиёт муассасаларида, шунингдек, бошқа ташкилотларда, жамоат жойларида тегишли санитария қоидалари ва гигиеник нормативларга жавоб берадиган гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни эмизишга мос бўлган махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши назарда тутилмоқда.
Депутатларнинг қайд этишича, ушбу қонун лойиҳаси мамлакатда соғлом насл ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган қатор тадбирларнинг мантиқий давоми ва қонуний асоси бўлиб хизмат қилади.
Изоҳ (0)