Ўзбекистонга Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Жевдет Эрдол бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар берди.
1903 йилда ташкил этилган мазкур университет Туркиядаги ягона ихтисослашган тиббиёт университети, шунингдек, Европанинг етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланади.
Делегациянинг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов билан учрашуви бўлиб ўтган. Мамлакатнинг тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирок этган мулоқотда тиббий таълим соҳасида алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-маърифий тадбирларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинган.
Учрашув якунида Ўзбекистон тиббиёт олий ўқув юртлари ҳамда Туркия Соғлиқ билимлари университети ўртасида ўзаро англашув меморандумлари имзоланган. Жумладан, томонлар бакалавр ва магистрантларнинг академик алмашинувини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар учун малака ошириш, турк университетининг филиали базасидаги шифохоналарда ёзги амалиёт ўташ ва қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш борасида қатор келишувларга эришган.
Бундан ташқари, 2019/2020 ўқув йилида Бухоро давлат тиббиёт институти базасида Туркия Соғлиқ билимлари университети қошидаги Олий тиббиёт мактабининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган. Бухоро давлат тиббиёт институти ҳудудида мазкур тиббиёт университетининг клиникаси ҳам очилади. Таъкидлаш жоизки, икки тиббиёт олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик ўтган йилдан буён изчил ривожланмоқда. Талабалар ва ўқитувчиларнинг илмий алмашинуви борасида фаол иш олиб борилмоқда. Ҳозирга келиб, ана шу ҳамкорлик самараси ўлароқ Бухоро давлат тиббиёт институтининг 40 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи ва талабалари Туркияда таълим олган.
Делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда.
Изоҳ (0)