Профессионал бокснинг супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик Шаҳрам Ғиёсов (7 та ғалаба, 6 та нокаут) апрель ойида ўзининг саккизинчи жангини ўтказади.
GoSport’нинг хабар беришича, Шаҳрам 26 апрель куни америкалик Эммануэль Тейлорга (20 та ғалаба, 5 та мағлубият, 14 та нокаут) қарши рингга кўтарилади. Мазкур жанг WBA Intercontinental чемпионлик камари учун бўлиб ўтади ва 10 раундга мўлжалланган бўлади. Тўқнашув Калифорния штатининг Инглвуд шаҳрида жойлашган казино марказининг Форум саройида бўлиб ўтади.
Маълумот учун Тейлор профессионал боксда номдор боксчилардан бири бўлиб, ўз вақтида WBA International камари учун машҳур Эдриен Бронерга (33 та ғалаба, 4 та дуранг, 1 та мағлубият, 24 та нокаут) қарши 10 раундлик жангда очколар бўйича имкониятни бой берган. Шунингдек, Крис Алгиери (23 та ғалаба, 3 та мағлубият, 8 та нокаут) ва Антонио Ороско (27 та ғалаба, 1 та мағлубият, 17 та нокаут) каби машҳур боксчиларга қарши рингга чиққан.
Эслатиб ўтамиз, 23 февраль куни (Тошкент вақти билан 24 февраль) Шаҳрам Ғиёсов сўнгги жангини мексикалик боксчи Эдгар Пуэртага (25 та ғалаба, 12 та дуранг, 1 та мағлубият, 19 та нокаут) қарши ўтказиб, уни бешинчи раундда техник нокаут эвазига мағлубиятга учратганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)