Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

«Озодлик»нинг телеграмдаги каналида «Қарши тумани ҳокими ўқитувчиларни дарсдан қўйиб, ҳокимликда ишлатмоқда» деган хабар тарқалди. Хабарда айтилишича, тумандаги 38-умумтаълим мактаби ўқитувчилари дарс пайтида туман ҳокимлигида аҳолини рўйхатга олиш ишларига мажбуран жалб қилинган.

Фото: «Дарё»

Ижтимоий тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган мазкур муаммо аслида қандай бўлганлигини билиш мақсадида «Дарё» мухбири Қарши туманида бўлди.

— Туман халқ таълими бўлими топшириғига кўра, 2018 йил ноябрь ойидан эътиборан 3 ой давомида туман ҳокимлигида аҳолини рўйхатга олиш ишларига кўнгилли равишда ёрдам бердик, — дейди 38-умумтаълим мактаби директори Холиёр Шодмонов. – Бўлимга туман ҳокимлиги томонидан топшириқ берилган бўлиши мумкин. Шунинг учун мен 6 нафар ўқитувчимни дарси йўқ пайтида туман ҳокимлигидаги аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилдим. Аммо ўз хоҳишларига кўра, албатта. Ҳеч ким норози бўлгани йўқ бундан. Ёрдамимиз тегсин деб чин дилдан боришди.

Холиёр Шодмонов.

Холиёр Шодмонов.
Фото: «Дарё»

Мактаб директори Холиёр Шодмоновнинг айтишича, ноябрь ойидан бошлаб 3 ой давом этган рўйхатга олиш ишлари бинойидек ўтган. Ҳеч ким қилган меҳнатидан норози бўлмаган. Аммо 10–15 кун илгари такрорий равишда бошланган рўйхатга олиш ишлари ўқитувчиларнинг норозилигига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

— Бугунги кун ўқитувчилари ҳақ-ҳуқуқини яхши билади, — дейди мактаб директори ўринбосари Венера Холмуродова. — Президент қарорлари билан танишиб бормоқда. Ўқитувчи эркин бўлди, энди ишлаймиз деган вақтда яна ишга чақиришаяптими деган фикрлар ўтган бўлиши мумкин уларда. Нафақат ўқитувчини, балки ҳар бир инсонни ишидан ташқари пайтда ишга жалб қилиш хоҳлайсизми йўқми унинг норозилигига сабаб бўлади. Демак, бундан кейин оғзаки топшириқларни бажармаслигимиз керак экан. Лекин ўқитувчилар ҳам бу муаммони хориж ОАВларига айтмасдан мутасаддиларга айтишса бўларди-ку.

Директор ўринбосари «Дарё» мухбирининг «Президент талабидан кейин ҳам ўқитувчиларни вазифасидан ташқари ишларга жалб қилиш ҳолати сурункали равишда давом этгани боис ҳам уларнинг норозилигига сабаб бўлмадимикин?» деган саволига «Балки бўлиши мумкин», дея жавоб берган ўринбосар, илгарироқ ўқитувчилар суҳбатида ортиқча ишларга жалб қилишдан норозилик кайфияти сезилганини ҳам билдирди.

38-мактаб директори Холиёр Шодмонов туман ҳокимлигидаги рўйхатга олиш ишларига ҳеч ким мажбурий тартибда жалб қилинмаганлигини такрорлар экан, туман ҳокимлигидан топшириқ олгач, дастлаб Ёшлар иттифоқи етакчисини жўнатиш мақсадида унга айтганини, ходим эса рад этганлигини билдирди. «Ёшлар иттифоқи етакчисига айтгандим, у ёшлар билан ишлаши лозимлигини айтиб, вақти камлиги сабаб боролмаслигини билдирди, — дейди Холиёр Шодмонов. – Хўп дедик ва ўз хоҳиши билан бораман деган ўқитувчиларни юбордик».

Фото: «Дарё»

Мактаб директорининг маълумот беришича, туман ҳокимлигидаги аҳолини рўйхатга олиш ишларининг 2-босқичига 6 нафар ходими — Миртемир Рўзибоев, Моҳира Алиқулова, Очил Бердиев, Мақсуда Ашурова, Гавҳар Алёрова ҳамда Шодиёна Турдиевалар ўз хоҳишига кўра юборилган.

Холиёр Шодмонов ва Венера Холмуродоваларнинг айтишича, туман ҳокимлигидаги рўйхатга олиш ишларига фақатгина 38-мактаб эмас, тумандаги 10–15 та мактаб ўқитувчилари ҳам жалб қилинган. Аммо уларнинг айнан қайси мактаблар эканлигини билишмайди.

Маълум бўлишича, аҳолини рўйхатга олиш ишлари шунчалик жадаллашганки, жорий йил 20 март куни ҳам мактаблардан ходим сўралган. 38-мактаб директоридан ҳам ходим сўралгач, директор ўша куни ходим юборолмаслигини билдирган. Аммо туман халқ таълимининг мактаб директорига фамилияси номаълум бўлган Самариддин исмли масъул ходими ишчи юбориши шарт эканлигини билдирган.

— 20 март куни ўқитувчиларни юбормаслигимни билдирдим, — дейди Холиёр Шодмонов. — Туман халқ таълими бўлимидан Самариддин «ходим юбормасангиз бўлмайди» деб туриб олгач юборгандим. Ўша куни Миртемир Рўзибоев исмли ходимим соат 11:00 дан 13:00 гача ёрдам бериб келди.

— Тўғри, туман ҳокимлигидаги аҳолини рўйхатга олиш ишларида қатнашганман, — дейди Миртемир Рўзибоев. – Аммо ўз хоҳишимга кўра қатнашганман. Рўйхатга олиш ишларининг биринчи босқичида ҳам иштирок этдим. Кейинги такрорий равишда жалб қилинган ҳолатда ҳам қатнашдим. Аммо ишга халал бермаган ҳолда, кўпинча ишдан сўнг кечки пайт 18:00 дан 23:00 гача, баъзан кечаси 12 гача қолиб ишлаганман.

Миртемир Рўзибоев.

Миртемир Рўзибоев.
Фото: «Дарё»

Мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Роҳила Ўринова нафақат ўзи, балки барча мактаб ўқитувчилари ҳеч қандай ортиқча ишларга жалб қилинмаганини билдириб, бу каби ёлғон маълумотларни тарқатган ўқитувчидан нафратланаётганини билдирди.

— Илгари 3 ойлаб пахтада юрардик, аммо ҳеч кимга нолимасдик, — дейди Роҳила Ўринова. – Ўша пайтлари ҳам шукур қилиб ишлардик. Оммавий ахборот воситаларига шикоят қилишни билмасдик. Эндиям бировга нолиш фикридан йироқмиз. Бу ишни ким қилган бўлса ҳам тўқликка шўхлик қилибди.

Роҳила Ўринова.

Роҳила Ўринова.
Фото: «Дарё»

Мактаб жамоаси «Дарё» мухбири билан суҳбат давомида хориж ОAVsига мурожаат қилган ўқитувчи мактаб жамоасидан чиқмаганлигини билдирмоқда. «Бизнинг жамоадан ҳеч ким мурожаат қилмагани тайин, буни кимдир ғаразгўйлик мақсадида қилган. Аммо кимлигини билолмаяпмиз, билсак ношукур банда эканлигини айтардик, — дейди мактаб ўқитувчилари. — Ўша мурожаатчи, ўқитувчилар ҳақиқатдан ҳам ортиқча ишларга мажбурланган кезлари нега сукут сақлаганди, ўша пайт мурожаат қилиб, жар солса бўлмасмиди?»

Мактаб директори Холиёр Шодмонов ҳам туман ҳокимлигидаги ишга ўз хоҳиши билан борган мактаб ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилишмоқда дея ёлғон маълумот тарқатган ўқитувчи вазиятни нотўғри талқин қилганлигини таъкидламоқда.

— Туман ҳокимлигида компьютерда ёзув ёзиш мажбурий меҳнат ҳисобланмайди-ку, — дейди мактаб педагогларидан яна бири Эркин Бердиев. – Кимнингдир эшиги тагини тозалаб, жўясини олиш бу мажбурий меҳнат ҳисобланади. Нега ўша ишларни қилган пайтимиз ўша мурожаатчи жим турганди?

Эркин Бердиев.

Эркин Бердиев.
Фото: «Дарё»

Мактаб директори томонидан туман ҳокимлигига ишга юборилган ўқитувчилардан Моҳира Алиқулова, Гавҳар Алёрова ҳамда мактаб психологи Шодиёна Турдиевалар туман ҳокимлигининг кичик залидаги аҳолини рўйхатга олиш ишларига уларни ҳеч ким мажбур қилмаганлигини, барчаси ўз хоҳишига кўра ёрдамга ошиққанлигини билдирди.

— 14 март куни эрталаб дарсим йўқ пайти ёрдам берсам берибманда дея ўз хоҳишим билан туман ҳокимлигига бордим, — дейди Моҳира Алиқулова. — Нурбек деган йигит бор экан, «опа сиз айтиб турсангиз бўлади» дейишди. Матндаги маълумотларни компьютерга тушираётган кишиларга маълумотларни ўқиб турдим, холос. 2 соат ёрдам бериб изимга қайтдим.

Моҳира Алиқулова.

Моҳира Алиқулова.
Фото: «Дарё»

— 7 март куни ишдан озод қилиниб, тушгача бўлган вақт мобайнида туман ҳокимлигининг кичик залидаги компьютерда аҳолини рўйхатга олиш ишларида қатнашдим, — дейди мактаб психологи Шодиёна Турдиева. – Компьютерда ёзишни билганим учун ёзув ёзишда қийналмадим. Кейин ишимни тугатиб, уйга қайтдим.

Шодиёна Турдиева.

Шодиёна Турдиева.
Фото: «Дарё»

Бошланғич синф ўқитувчиси Гавҳар Алёрова эса 15 март куни дарси бўлса-да, ўз хоҳиши билан туман ҳокимлигига кетганлигини, дарсини ҳамкасбларидан бири ўтганлигини билдирди.

Информатика фани ўқитувчи Очил Бердиевнинг айтишича, мактабда туман ҳокимлигига бориши лозим бўлган ўқитувчилар рўйхати тузилган бўлиб, рўйхат бўйича ўзи 22 март куни туман ҳокимлигига бориши белгиланганлигини, аммо 18 март куни дарсини ўтаётган пайти мактаб директори Холиёр Шодмонов келиб туман ҳокимлигига бориши лозимлигини айтган.

— Тўғриси, туман ҳокимлигига нима мақсадда юборишаётганини ҳам билмасдим, — дейди Очил Бердиев. – Навбатчиликка дейишди адашмасам. Бордим. Қанақадир хонани кўрсатишди. «Компьютерда ёза оласизми», деб сўрашганда, эплашимни айтдим. Шунда қанақадир рўйхат беришди. Кейин компьютерни унча тушунмаганим учун ишни бошлашим секинлашгани сабабми «Тоға сиз кетаверинг», дейишди. Қайтиш учун кўчага чиққанимда эса директор телефон қилиб, қайтиб дарсимни ўтишим лозимлигини, ўрнимга одам юборишини айтди. Мактабга қайтиб яна 2 соат дарсимни ўтдим. Ўша куни 6 соат дарсим бор эди. Туман ҳокимлигига бориб келиш учун кетган вақтимда 2 соат дарсим қолиб кетди.

Директор Холиёр Шодмонов ўқитувчи Очил Бердиев айтган рўйхат ҳақиқатдан ҳам мавжуд бўлганлигини тасдиқлади. Маълум бўлишича, рўйхатда мактабдаги 50 нафар ўқитувчининг компьютерни биладиган ва ўз хоҳишига кўра туман ҳокимлигига ёрдамга боришга рози бўлган 20 нафар ходимнинг қайси куни туман ҳокимлигига бориши кўрсатилган бўлган. Мактаб директорига «ўша рўйхатни кўрсата оласизми» дея савол берганимизда муаммолар юзага чиққач, йўқ қилиб ташлашганини билдирди. Директорнинг айтишича, 22 март куни бориши режа қилинган ходим рўйхатдаги 2 нафар ходим бетоб бўлиб қолганлиги сабабли ҳам 18 март куни ҳокимликка боришига тўғри келган.

Қарши туман халқ таълими бўлими мудири Мейли Боқиев мактаб ўқитувчиларининг туман ҳокимлигидаги аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинганлигини батамом рад этди. Мейли Боқиев ўзи раҳбар бўлганидан буён бирор марта ҳам ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганлиги билдирди. «Аммо хориж ОAVsи томонидан тарқатилган хабардан сўнг, 38-мактабга бориб ўрганганимизда 20 март куни бир нафар ўқитувчи туман ҳокимлигига келиб ишлаганлигини билдирди, — дейди бўлим мудири. – Бошқа ҳеч ким бундай ишларга жалб қилинмаган. Гарда шундай ҳолат кузатилган бўлса, бундан кейин бу каби ишларга буткул барҳам берамиз».

«Дарё» мухбири билан суҳбатда бўлган туман ҳокими ўринбосари Холмирза Болтаев ҳам тарқалган хабарларни рад этган ҳолда, ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаганлигини айтди.

Холмирза Болтаев.

Холмирза Болтаев.
Фото: «Дарё»

— Ўқитувчиларнинг сайловчи аҳолини рўйхатга олиш ишларига жалб қилинганлигини ҳозир сиздан эшитиб турибман, — дейди туман ҳокими ўринбосари Холмирза Болтаев. – Сайловчи аҳолини рўйхатга олиш ишларини маҳалла раислари, уларнинг котиблари ва профилактика инспекторлари бажаради. Шундай экан, ҳеч қачон ўқитувчилар бу ерга келмаган ва ҳеч қандай иш бажаришмаган.

Ҳоким ўринбосарига 38-умумтаълим мактабидан 6 нафар ўқитувчи ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимлигига мажбуран эмас, ўз хоҳиши билан келиб, аҳолини рўйхатга олиш ишларида иштирок этганини тасдиқлашганини айтсак-да, Холмирза Болтаев айтилаётган гаплар ғирт уйдирма эканлигини такрорларди.

Туман ҳокимлиги мутасаддисидан аҳолини рўйхатга олиш ишлари нима сабабдан такрорий тарзда амалга оширилаётгани ҳақида сўраганимизда, ҳолатни «Республика бўйича интернет ишламай қолганлиги ва базада иш ҳажми ортиб кетганлиги сабабли ҳам ишлар тўхтаб қолганди ва кейинчалик яна давом эттирилди», — дея изоҳлади.

Туман ҳокими ўринбосарининг маълумот беришича туманда сайловчиларни рўйхатга олувчи 2 та «штаб» ташкил этилган бўлиб, бири ҳокимликда бўлса, бири 4-умумтаълим мактабида жойлашган. Якунланган рўйхатга олиш ишлари натижасига кўра, туманда 242 минг нафар аҳоли истиқомат қилиши ва овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар сони эса 135 мингга яқин эканлиги аниқланган.

Ҳокимият мутасаддиси билан суҳбатимиз якунида, ўқитувчилар бот-бот тилга олган ўша кичик зални кўриш ниятимиз борлигини айтганимизда, залга олиб боришди.

Фото: «Дарё»

Кузатувларимизга кўра, кичик мажлислар ўтказилиши мўлжал қилинган залда нафақат стол-стул, 20 та компьютер ҳам бор экан. Ҳоким ўринбосарининг айтишича, ушбу компьютерлар орқали аҳолини рўйхатга олиш ишлари бажарилган. Аммо ўқитувчиларсиз, дейишди. Биз ҳам ишондик, албатта.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Маҳаллий
“Чегара масаласининг якуний ҳал этилиши Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади” —  Садир Жапаров 
Дунё
“Бизга ҳайвонлардан ёмонроқ муносабатда бўлишади” — Афғонистонлик қиз “Толибон”нинг чекловлари ҳақида (видео)