Жанубий Корея давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазири ўринбосари Юн Жонг Ин бошчилигидаги делегация Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан мамлакатлар ўртасидаги электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳамда мазкур соҳада янги қўшма лойиҳалар ва дастурларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳар икки мамлакат ўзаро ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаш имконини берди. Хусусан, электрон ҳукумат соҳасига янги ахборот технологияларини жорий этиш, таълим дастурларини ташкил қилиш ва тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
Музокаралар якуни бўйича Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан Корея Республикаси давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирлиги ўртасида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш, корпоратив ҳамкорлик қилиш ҳамда Ўзбекистонда ягона дата-марказини ташкил этиш бўйича техник ёрдам кўрсатишни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар электрон ҳукуматнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини ривожлантириш, киберхавфсизлик ва маълумотларни ҳимоя қилишни кучайтириш, давлат ахборот технологиялари соҳасида инновациялар ва дастурий ечимларни илгари суриш, қўшма семинарлар, анжуман ва давра суҳбатлари ўтказишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. «Ақлли шаҳарлар»ни яратиш, кадрлар тайёрлаш юзасидан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Тадбирда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон — Корея марказини ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)