Бугун, 20 март куни Наннинг шаҳридаги «Guanxi Sports Centre» стадионида «China Cup—2019» мусобақаси олдидан матбуот анжумани ташкил қилинди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва терма жамоа ҳужумчиси Элдор Шомуродов иштирок этди. Бу ҳақда ЎФА хабар берди.
«Бу ерда бўлиб турганимдан хурсандман. «China Cup» мусобақасида кучли жамоалар иштирок этади. Уларга қарши ўйнаш биз учун фойдали бўлиши шубҳасиз. Биз мазкур мусобақа орқали Жаҳон Чемпионати саралашига тайёргарлик кўрамиз. Бу мусобақага тайёрланиш учун кўп вақт бўлмади. Кеча келдик. Ҳозирча битта машғулот ўтказдик. Шунга қарамай, мусобақа давомида ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз.Осиё Кубоги билан солиштирганда бизнинг таркибимизда катта ўзгаришлар йўқ. Деярли ўша таркиб билан Хитойга ташриф буюрдик. «China Cup» мусобақасида Осиё Кубогидаги каби ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир учрашувда ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Мен Хитойга биринчи бор келишим. Аввал бу мамлакатда бўлмаганман. Шу сабабли жамоам билан ёрқин ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз. Аммо биз учун энг муҳими Жаҳон Сҳемпионатига йўлланмани қўлга киритиш. Мазкур мусобақаларга ўхшаш мусобақалар орқали мундиал саралашига тайёргарлик кўрамиз.
Фабио Каннаваро айни пайтда Хитой терма жамоасини бошқариб бораётганини биламан. У 15 йил олдин Миланнинг «Интер» таркибида ўйнаганди. Мураббий сифатида анча тажриба тўплагани аниқ. Футболчилардан ҳам тартиб интизомга амал қилишни талаб қилиши табиий. Мен Каннаварога мураббийлик фаолиятида омад тилайман.
У буюк мураббий бўлиб етишишига ишонаман. Унда бунинг учун барча жиҳатлар мавжуд. Агар майдонда мураббий сифатида учрашадиган бўлсак, мен Каннаварони мағлубиятга учратишга ҳаракат қиламан.
Жаҳон Чемпионати иштирокчилари сонини ошириш жуда яхши ғоя. Бу фақат Ўзбекистон ёки Хитой учун эмас, Осиёдаги барча терма жамоалар учун жуда яхши имконият. Мен бу ғояни қўллаб-қувватлайман. Бу ҳолат бутун дунёда футбол ривожига ҳисса қўшиши аниқ», — деди Купер.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)