Белградда намойишчилар Сербия президенти Александр Вучичнинг қароргоҳи атрофини ўраб олиб, унинг қароргоҳ ҳудудини тарк этишига тўсқинлик қилмоқда. «ТАСС» маълумотига кўра, бино яқинида мингга яқин одам мавжуд, сарой деворлари бўйлаб махсус кучлар аскарлари жойлаштирилган.
Активистлар президент Вучичнинг истеъфоси ҳақида шиорлар айтмоқда, унинг қароргоҳ ташқарисига чиқиб халққа мурожаат қилишини талаб қилмоқда.
«Москва говорит» радиостанциясининг билдиришича, саройдаги вазият кескинлигича қолмоқда: автомобиль йўллари беркитилган ва кўча Wi-Fi тизими ўчирилган.
17 март, якшанба куни аввалроқ мухолифат вакиллари «Сербия радио ва телевидениеси» (RTS) телерадиокомпанияси биносини эгаллаб олганди. Бунга сабаб, мухолифат етакчилари сиёсий шоуга таклиф қилинмаган эди. Кўп ўтмай намойишчилар бинодан чиқариб юборилди ва эфирга узатиш давом эттирилди.
Вучич воқеани шарҳлаб, намойишчилар телерадиокомпания биносини эгаллашига мухолифат етакчиларининг халқ кўмагини йўқотганлиги ва иложсизлиги сабаб бўлган дейди.
Сербиянинг амалдаги президенти Александр Вучичга қарши норозилик намойишлари ўтган йил декабрь ойидан буён давом этмоқда.
Изоҳ (0)