Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент Ахборот технологиялари университети ва унинг барча филиаллари, Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамкорлигида янги лойиҳага қўл урди. Бу ҳақда «Дарё»га «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ахборот хизмати хабар берди.
Лойиҳада қийин аҳволдаги оилалар вакилларига қисқа муддатли ўқув курсларида, бир ҳафта мобайнида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз-ўзига тезкор ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўргатиб борилади.
2019 йилнинг 12 март куни Хоразм вилоятида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилоят бошқармаси ҳамда Тошкент Ахборот технологиялари Урганч филиали билан ҳамкорликда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оилалар айниқса, ёш оилаларга ахборот-коммуникация технологиялари ва психология билимларини ўргатиш орқали ўз-ўзига ёрдам кўрсатиш саводхонлигини оширишга қаратилган бир ҳафталик ўқув курсларига старт берилди.
Хоразм вилоятида старт берилган ушбу лойиҳа март апрель ойлари давомида Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарё вилоятларида ҳам амалга оширилиши мўлжалланган.
Ўқув курсида тизимли равишда 15 нафардан оила вакиллари билим олади, уни муваффақиятли тамомлаган тингловчилар сертификат билан тақдирланади. Бундан ташқари, курс давомида фаол иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини юқори даражада намоён этган бир нафар оила вакилига Тошкент Ахборот технологиялари университети ёки Тошкент шаҳридаги Инха университетида ўқиб, малакали мутахассислар бўлиб етишишлари учун 6 ойлик «Компьютер саводхонлиги» курсларига имтиёзли йўлланма берилади.
Бу лойиҳани амалга оширишдан мақсад ўз ҳаётида турфа хил оилавий муаммоларга дуч келган оила вакилларига замонавий коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали билими ва дунёқарашини ошириш, ахборот олиш, иш излаш, пировардида, ўз-ўзига тезкор ёрдам кўрсата олиш билимларини ўрганиш орқали ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаб, ҳаётга теран нигоҳ билан боқишга ундашдир.
Ушбу ўқув курсининг илк синов лойиҳаси «Оила» маркази ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги Инха университети ҳамкорлигида ўтган йилнинг март июль ойларида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида муваффақиятли амалга оширилган.
Изоҳ (0)