Қарши шаҳридаги метан «заправка»ларнинг кўпчилиги ҳафта бошидан бошлаб 2 кун давомида умуман ишламади. Ишлаганларида ҳам турна қатор навбатлар юзага келганди. 27 февраль кечки пайт ўз фаолиятини «тиклаган» заправкалар газ нархини 400 сўмга оширди. Аксарият заправкаларда газ нархи 1 мартга қадар 2400 сўм эканлигини билдирувчи эълон ёпиштирилган. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар бермоқда.

Фото: «Дарё»

«Нархини оширар экан, узундан узоқ навбатларни юзага келтирмай ўша куниёқ ошириб қўйишса бўларди, — дейди ҳайдовчилардан бири Зафар Maxсатов. – Аввал 1 мартгача дейишади, кейин эса шу нархга ўргатиб ҳам олишади».

Қарши шаҳридаги «Руслан газ сифат сервис» масъулияти чекланган жамиятига қарашли «заправка»нинг ўзини таништиришни истамаган ходими «заправка»ларга берилган «лимит» тугаганлигини билдирди.

«Ҳозир сотилаётган газ «лимит»дан ташқари келтирилган газ бўлиб, 2400 сўмдан сотилиши белгиланган», — дейди ходим.

Фото: «Дарё»

Мазкур газ «заправка» операторининг айтишича, газ нархи 27 февраль кечки пайт оширилган. «Газни ошириш тўғрисида тепадан топшириқ бўлди», — дейди оператор. Оператор «тепа»нинг кимлигини очиқламади.

«Дарё» мухбирининг суриштирувларидан маълум бўлишича, Қашқадарё вилоятининг Косон туманида ҳам узундан узоқ навбатлардан сўнг газ нархи 2400 сўмга ошган. Деҳқонобод туманидаги газ қуйиш шохобчаларидаги нарх эса ўша-ўша.