«Аэрофлот» гуруҳига кирувчи «Россия» авиакомпаниясининг бугун, 27 февраль куни Покистон ҳаво ҳудуди ёпиқлиги туфайли мажбуран Тошкент аэропортига қўнган Boeing-777 самолёти Бангкокка учиб кетди, деб хабар беради «РИА Новости» Тошкент аэропорти вакилига таяниб.
«SU6275 Москва—Бангкок рейси 16:55 да Тошкентдан Бангкокка учиб кетди», — деган аэропорт вакили.
Эслатиб ўтамиз, Покистоннинг Ҳиндистонга тегишли иккита ҳарбий самолётни уриб тушириши ортидан бир нечта авиакомпанияларга тегишли самолётлар парвози тўхтаб қолди.
Покистон ва Ҳиндистон устидаги ҳаво кенгликларидаги мураккабликлар туфайли Air India ва Аэрофлот авиакомпанияларига тегишли иккита самолёт Ўзбекистондаги ҳаво ҳудудида вазият юмшашини кутаётган эди.
Шунингдек, Тошкент — Амритсар йўналишида учган Uzbekistan airways авиакомпаниясига тегишли борт рақами UК-67007 бўлган Boeing 767-3SB(ER) самолёти Тошкент шаҳрига қайтиб келган эди.
Изоҳ (0)