26 февраль куни соат 10:26 да Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги «Иссиқлик манбаи» АЖга қарашли иситиш қозонининг портлаши юз берди. Бу ҳақда «Дарё»га Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.
Фавқулодда ҳолат оқибатида поликлиникада тиббий кўрикдан ўтаётган шаҳардаги 4-умумтаълим мактабининг 18 нафар 9-синф ўқувчиcи турли даражада енгил жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология қабулхонасига олиб келинган.
Улар зудлик билан зарур текширувлардан ўтказилиб, шифокорлар томонидан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. 18 нафат бемор кузатув остида бўлиб турибди.
Олиб келинганлардан 4 нафари ҳолати текширилиб, нейрореанимация бўлимига ётқизилди, жумладан, 2 нафар беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 10 нафар қўшимча мурожаат қилганларга амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди.
Жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, зарур дори-дармонларни етказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилган.
Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.
Изоҳ (0)