«Дарё» тугаётган ҳафтанинг энг муҳим янгиликларини эсга олиб ўтади.
Speedtest Global Index интернет-сервисига кўра, Ўзбекистон интернет тезлиги бўйича рейтингда кескин пастлаб кетди. Мобил интернет тезлиги бўйича Ўзбекистон 137 давлат ичида 129-ўринни эгаллади (бу ўтган йилдаги кўрсаткичдан 18 поғона паст). Симли интернет тезлиги бўйича эса 177 давлат орасида 131-ўринда қайд этилдик (ўтган йилгидан 23 ўрин пастда дегани).
Айтиш керакки, ўтган 2018 йилнинг ноябрида «Ўзбектелеком» АК масъул ходими Юнус Камолов шу йилнинг 1 декабридан Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробар ошишига ваъда берган эди.
* * *
Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Сирдарё вилоятига ташриф буюрди ҳамда вилоятдаги муҳим ва истиқболли лойиҳалар билан танишди. Шунингдек, Ховосда гидропоника усулидаги иссиқхонани кўздан кечирди ва Янгиерда бунёд этилиши режалаштирилган аммиак ва карбамид заводи қурилиш майдонида бўлди.
* * *
Тошкент ҳайвонот боғида сафари парки ва акванариум қурилиши ва Москва ҳайвонот боғидан ўн турдаги ҳайвон олиб келиниши режалаштирилган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан, Тошкент ҳайвонот боғи ҳудуди кенгайтирилиб, сафари парки очилади ва янги акванариум биноси қурилиб, бу ерда денгиз ҳайвонларининг турлари кўпайтирилади.
* * *
Сўнгги вақтда Гулнора Каримованинг фарзандлари ижтимоий тармоқларда фаоллашаётганини кузатиш мумкин. Хусусан, унинг қизи Имон ўтган ҳафтада Instagram’га онаси ошхонада чучвара пишираётгани акс эттирувчи видеони жойлади. Аммо тасвир қачон ва қаерда олингани ҳақида бирор-бир маълумот йўқ.
* * *
Тошкентда Олий суд раисининг ўринбосари Баҳодир Деҳқонов хизмат хонасида ҳибсга олинди. У Олий Мажлис Сенати томонидан 2017 йилнинг майида беш йил муддатга Олий суд раисининг ўринбосари — Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси лавозимига сайланганди.
* * *
Гарчи ушбу воқеа шарҳида Халқ таълими вазирлиги ОАВни шов-шув яратмасликка чақирган бўлса-да, дайжестимизга киритдик. Чунки мактаб ўқувчиси сумкасида тўппонча ва ўқ-дори олиб юриши диққат ва хавотирга арзигуликдир. Тошкентда 10-синф ўқувчисининг сумкасидан бир дона MINI UZI IWI 16C30245 рақамли глушители билан бирга пневматик автомат, тўртта пневматик газ баллон, бир дона пневматик автомат учун магазин, бир пластмасса идишда 1,5 мингга яқин металл золдир ва бош учун ниқоб топилган.
* * *
Ўзбекистонда ҳануз бир ишлаб, бир ишламай келаётган Facebook ва YouTube ҳафта ўртасида тўсатдан очилиб кетди ва ҳозиргача очиқ қолмоқда. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ушбу сайтларга ҳозир бемалол кириш мумкин. Эслатиб ўтамиз: ўтган йилнинг сентябридан бери бу тармоқларга кириш қийинлашиб, аҳоли впнъга ружу қўйганди. Нима сабабдан ишламагани ва ишлаганига ҳар доимгидек бирор-бир изоҳ йўқ.
* * *
Тошкент шаҳрида қиймати қарийб 1 миллион долларга тенг тарихий қимматбаҳо буюмлар топилди. Аксарияти XIX асрга мансуб хазина Ўзбекистон миллий университети томонидан 2019 йилнинг 25 январида 17 турдаги топилмалар Қимматбаҳо металлар агентлигига вақтинча сақловга топширилган. Ҳозир уларнинг тарихийлиги ва ҳақиқий қиймати ўрганилмоқда.
* * *
Тагига олиб кетган муаммолардан яна бирини ўтган ҳафтада давлат органи эътироф этди.
Бош прокуратура Тошкент шаҳрида янги маҳалла марказларини қуришда аҳоли розилигини олмасдан биноларни бузиш ва қурилиш қилиш ҳолатларини аниқлади. Туман ҳокимлари томонидан 392 та қонунга зид қарор қабул қилинган. Хусусан, Юнусобод туманида 56 та, Учтепа туманида 52 та, Олмазор туманида 45 та, Мирзо Улуғбек туманида 44 та ноқонуний қарор қабул қилинган. Прокуратура фуқароларнинг 29 та мурожаатини кўриб чиққан ва ҳокимларнинг 15 та қарорига протест бериб, уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга ариза берган.
* * *
Абитуриентлар учун ўтган ҳафта ёқимли ва ёқимсиз янгиликларга бой бўлди. Ёқимлиси шуки, жорий йилдан абитуриентларга бир вақтнинг ўзида учта ОТМга ҳужжат топшириш имкони берилади, қолаверса, ОТМ сони кўпайтирилиши режалаштирилмоқда. Бу абитуриентлар учун ОТМнинг эшикларини янада кенгроқ очишига шубҳа йўқ. Шу билан бирга, олий ўқув юртига ҳужжат топширишда абитуриентларга ЭКИҲ миқдорида тўлов жорий этилгани уларни хурсанд қилмади. Давлат тест маркази абитуриентлардан йиғиладиган пул нимага сарфланишини шарҳлаш асносида, маблағ имтиҳон аудиторияларини онлайн камералар билан жиҳозлашга йўналтирилишини билдирди.
Изоҳ (0)