КХДР етакчиси Ким Чен Ин Пхеньян темирйўл вокзалидан Ханойга йўл олди — у 27—28 февраль кунлари шу шаҳарда АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашади.
«Маҳаллий вақт билан соат таъминан 17:00 (Тошкент вақти билан 13:00 да) Ким Чен Ин ўзининг зирҳли поездида Ханойга йўл олди. КХДР етакчиси Вьетнамгача бўлган бутун йўлни Хитой орқали темирйўлда босиб ўтиши кутилмоқда», — дея маълум қилди исми ошкор этилмаган дипломатик манба.
Ким Чен Ин Вьетнамнинг Ханой шаҳрига самолётда эмас, балки поездда бориши ҳақидаги хабарлар аввал ҳам тарқалган эди. КХДР пойтахтидан Вьетнамгача бўлган темирйўл узунлиги 4,5 минг километрдан ортиқ. Оғир зирҳли поезд соатига ўртача 100 километр тезлик билан ҳаракатланса, бу масофани икки суткада босиб ўтиши мумкин. Дональд Трамп билан учрашув 27—28 февраль кунлари бўлиб ўтади.
«Коммерсантъ»нинг ёзишича, Россия, Хитой ва Жанубий Корея КХДРга нисбатан санкцияларнинг бир қисмини бекор қилиш тўғрисида БМТ Хавфсизлик кенгашига қўшма таклиф киритишга тайёр. Ушбу таклиф АҚШ ва Шимолий Корея саммити якунига етганидан сўнг тақдим этилиши кутилмоқда. Бўлажак учрашув якунларига кўра Вашингтон ва Пхеньян ўртасида қарама-қаршилик тугатилгани ҳақида баёнот берилиши мумкин.
Изоҳ (0)