Европа Чемпионлар Лигасининг 1/8 финал баҳсидан ўрин олган «Манчестер Юнайтед»—ПСЖ учрашувида уч нафар футболчи жароҳат олди.
«Манчестер Юнайтед»нинг франциялик ҳужумчиси Антони Марсиал 1-бўлимнинг охирларида мушакларидан жароҳат олди. Иккинчи бўлимда унинг ўрнига захирадан Хуан Мата майдонга туширилди.
Клубнинг яна бир аъзоси Жесси Лингард ҳам ўйиннинг 45-дақиқасига келиб мушакларидан жароҳат олди. Аввалига у майдонга қайтди, аммо 1-бўлимга қўшиб берилга дақиқаларда Лингард ҳам захирага олинди ва дарҳол кийим алмаштириш хонасига тиббий хизмат вакиллари билан йўл олди. Унинг ўрнига эса Алексис Санчес ўйинни давом эттирди.
ПСЖнинг яқинда жароҳатидан тузалиб, сафга қайтган италиялик ярим ҳимоячиси Марко Верратти ҳам мазкур беллашувда жароҳатланди. У 75-дақиқада жароҳати сабаб, ўйинни давом эттира олмаслиги маълум бўлди. Натижада унинг ўрнига захирадан Леандро Паредес (у қишки трансферлар вақтида «Зенит» клубидан 40,2 миллион евро эвазига сотиб олинганди) майдонга тушди.
Клублар ўртасидаги жавоб учрашуви 6 март куни бўлиб ўтади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)