ЎзА Навоий вилоятидаги диққатга сазовор масканлардан бири — «Деггарон» мажмуасидан фоторепортаж тайёрлади.
Навоий вилояти Кармана туманидаги қадимий ёдгорликлардан бири «Деггарон» мажмуаси бўлиб, у туман марказидан 30 километр ғарбда, Ҳазора қишлоғида жойлашган.
Ташқи кўриниши маҳобатли бўлмаса-да, қурилиш услуби ноёб мажмуа археолог олимлар фикрича, зардуштийлар даври меъморчилиги услубида барпо этилган. Рус археологи В.Шишкин масжид махсус тайёрланган пишиқ ғиштдан тахминан VIII-IX асрларда қурилгани ҳақида айтган. Бошқа археологлар эса ёдгорлик XI асрга оид, деб ҳисоблайди.
Мажмуа деворларининг қалинлиги 1 метр бўлган 15 пахсадан иборат. Диаметри 1,28 метр келадиган 4 та пишиқ ғиштли устунда 12 бурчакли безак ҳосил қиладиган равоқлар устида қурилган. Тепа қисми 9 та гумбаз билан қопланган.
Масжид ёнида чуқурлиги 23 метр бўлган қудуқ бор. Унинг суви маҳаллий аҳоли орасида шифобахшлиги билан қадрланади.
Мажмуа таркибида ўз даврининг таниқли тасаввуф пешвоси Мавлоно Ориф Деггароний (тахминан 1313—1375 йиллар)нинг қабри жойлашган. Ҳозирда мазкур сағана таъмирланиб, зиёратгоҳга айлантирилган.
Бу ерга нафақат Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан, балки хорижий сайёҳлар ҳам кўп келади.
Изоҳ (0)